Саломатлик ҳафталиги
– Тиббиёт муассасамиз ўн беш маҳалла аҳолисига хизмат кўрсатади, – дейди Миробод туманидаги 2-оилавий поликлиника бош шифокори ўринбосари Дилфуза Пўлатова. – Аҳолини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш мақсадида шифо масканимиз замонавий ЭКГ, УЗД аппаратлари, лаборатория ускуналари билан тўла таъминланган. Соғломлаштириш ҳафталигида аҳолининг белгиланган қатлами тиббий текширувдан ўтказилиб, касаллик аниқланганлар босқичма-босқич даволанмоқда.
Соғлом она ва бола йилида бирламчи тиббий-санитария ишларини замонавий андозалар даражасида ташкил этиш билан бирга, тиббий патронаж тадбирларини ривожлантиришга йўналтирилган ишлар кўлами ҳам кенгаймоқда. Оила шифокори ва патронаж ҳамшираларнинг ҳар бирига тегишли ҳудудлар ажратилган. Улар хонадонларда тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бориб, аҳолининг саломатлиги муҳофазасига эътибор қаратмоқда.
Соғломлаштириш тадбирларини ташкил этишда тиббиёт ходимларининг маҳалла фаоллари билан ҳамкорлиги яхши натижа бераётир. Бундай ҳамкорлик туфайли она ва бола соғлиғига, репродуктив саломатликка салбий таъсир этадиган ҳолатларнинг олдини олиш, оилаларда соғлом турмуш тарзини юксалтиришга эришилаётир.
Ҳафталик доирасида аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи, эрта турмуш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ, болалар касалликларининг олдини олиш, рационал овқатланиш каби мавзуларда мулоқотлар ташкил этилди.
Баҳор Хидирова, ЎзА
Манба: uza.uz