UZ RU
09.01.2016

“Фахрий донорлар” пул мукофоти олади

Камида 40 марта бепул қон топширган донорлар “фахрий” ҳисобланади.

7 январ куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилдилар.

Парламент қуйи палатасининг хабар беришича, қонун лойиҳаси донорларнинг бир марта олинадиган донорлик қони ҳажми меъёрини ва қон топшириш даврийлигини тартибга солиш, шунингдек текинга қон топшираётган шахсларни қўшимча моддий рағбатлантириш йўли билан республикада донорликни янада ривожлантиришга қаратилган нормаларни кўзда тутади.

“Адолат” Социал-демократик партияси матбуот хизматининг аниқлик киритишича, ўзгартишлар “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони билан тақдирланган донорларнинг энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида бир марталик мукофотланишини кўзда тутмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ушбу нишон билан ўз қонини камида қирқ марта ёки унинг таркибий қисмларидан бир қисмини камида олтмиш марта бепул топширган шахслар мукофотланадилар. Имтиёз сифатида тақдирланганлар даволаш-профилактика муассасаларида (пулли шифохона ва бўлимлардан ташқари) озиқ-овқат учун қилинадиган тўловлардан озод этилади.

Манба: gazeta.uz