Патронаж ҳамшира – саломатлик посбони
Ҳамшира навбатдаги хонадонлардан бирида ҳам шундай вазиятга дуч келди: ҳомиладор аёл қонидаги темир моддаси миқдори паст. Бу зудлик билан даволанмаса, она ва бола ҳаётига хавф туғдириши мумкин. Аёлнинг турмуш ўртоғига ҳарчанд тушунтиришга уринмасин, фойдаси бўлмади.
Ҳамшира режалаштирган патронаж ишларини ниҳоялаб, маҳалладаги саломатлик сектори аъзолари ҳузурига борди. Фаолларнинг аралашуви билан оналик ва болаликка салбий таъсир этиши мумкин бўлган муаммолар бартараф этилди. Ҳомиладор аёллар ўз вақтида малакали тиббий ёрдамдан баҳраманд бўлди. Бу нафақат оналар, балки туғилажак болаларнинг соғлом ҳолда дунёга келишига ҳам замин яратди.
Тиббий патронаж хизмати замонавий тиббиётнинг муҳим йўналиши бўлиб, нафақат тиббий-профилактика ёрдами, балки инсоннинг соғлом ҳаёт кечиришини таъминлашга хизмат қиладиган кўплаб омилларни қамраб олгани, айниқса, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишга оид мажмуавий тадбирларни ўз вақтида амалга оширишга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга йўналтирилган давлат дастурларида белгиланган вазифалар ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани самарасида тиббий патронаж хизмати тобора ривожланмоқда. Замонавий андозалар даражасида барпо этилган, зарур тиббий технологиялар билан жиҳозланган қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда аҳолига бу борада малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча шароит яратилган.
Тиббий-профилактика тадбирларини ташкил этишда аҳолига энг яқин бўғин – оила шифокори ва патронаж ҳамширалар фаолияти йўлга қўйилгани оилаларда тиббий-ижтимоий аҳволни ўрганиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишда муҳим омил бўлмоқда.
Пойтахтимиздаги оилавий поликлиникаларда бу йўналишда қарийб 2900 нафар ўрта тиббиёт ходими фаолият юритмоқда.
– Аҳолига самарали тиббий ёрдам кўрсатишда бирламчи тиббий-санитария муассасаларининг аҳамияти катта, – дейди Юнусобод тумани тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси Лола Маткаримова. – Туманимизда 9 оилавий поликлиника шу йўналишда хизмат кўрсатмоқда. Уларда малакали шифокорлар билан бир қаторда ўрта тиббиёт ходимлари, жумладан, 350 дан ортиқ патронаж ҳамшира халқимизга хизмат қилмоқда.
Ҳамширалар ҳар ойда оилаларга уюштириладиган патронаж тадбирлар режасини тузиб, йўналишларни белгилаб олади. Унда ҳамшира кунига ўзига тегишли олтита хонадонда патронаж ўтказиши режалаштирилган. Оилаларга ўрта тиббиёт ходимининг қатнови кўпайгани сари хонадон аъзоларининг ўз саломатлигига эътибори кучайиши кузатилмоқда. Хонадонлардаги тиббий-ижтимоий ҳолатни ўрганиш, аҳолининг саломатлик ҳолатини баҳолаш, инсон саломатлигига салбий таъсир этувчи омилларнинг олдини олишда ижобий натижаларга эришилмоқда.
Ўрта тиббиёт ходимларининг билим ва малакасини ошириш, жаҳон тиббиётининг илғор тамойилларини ушбу соҳа мутахассислари фаолиятига изчил татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 5 мартдаги «Қишлоқ врачлик пунктларини янада мақбуллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ патронаж ҳамширалар ишини рейтинг баҳолаш тизими қўлланилаётгани бунга мисолдир.
Ўтган йилларда юздан зиёд қишлоқ врачлик пунктида ҳамширалар ишини рейтинг баҳолаш тизими синовдан ўтказилиб, кўпгина ижобий хулосалар олинди.
Соғлом она ва бола йилида тиббий патронаж хизматини янги босқичга кўтариш юзасидан изчил ишлар олиб борилаётир.
Баҳор Хидирова, ЎзА
Манба: uza.uz