UZ RU
05.01.2016

Ижтимоий ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

Андижонда ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олишда ижтимоий ҳамкорликни кучайтириш ва мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги ва вилоят ОИТСга қарши кураш маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикасининг “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни ҳамда Президентимизнинг 2008 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида ОИВ касаллигининг тарқалишига қарши курашнинг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.

– Мазкур ҳужжатлар ижроси доирасида давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ОИТС, гиёҳвандлик, кашандалик ва ичкиликбозлик каби иллатлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган турли тадбирлар, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда, –дейди Андижон вилояти ОИТСга қарши кураш маркази раҳбари Б.Йўлдошев. – “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳам ОИТСга қарши курашиш, ёшларга ушбу касаллик, унинг тарқалиш йўллари ва аянчли оқибатлари ҳақида маълумот бериш ва огоҳ этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, таълим муассасалари, маҳаллаларда “Биз гиёҳвандликка йўқ деймиз”, “Биз, ёшлар ОИТСга қаршимиз”, “ОИТСсиз ҳаёт сари” каби мавзуларда турли акциялар, расмлар танловлари ва тарғибот-ташвиқот тадбирлари ташкил этилди. Бозорларда, темир йўл вокзаллари ва аэропортда, аҳоли гавжум жойларда “Нажот – покликда”, “Соғлом турмуш – саломатлик гарови”, “Умрнинг хазонга айланмаслиги ҳар кимнинг ўз қўлида”, “Соғлом турмуш – бахтли ҳаёт” каби шиорлар остида тарқатма материаллар тарқатилди. Ушбу касалликка қарши курашишда ота-оналар, ёши улуғ инсонлар билан ҳамкорликда ишламоқдамиз.

Аҳоли, айниқса, ёшларнинг тиббий маданиятини юксалтириш, улар ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш мазкур касалликка қарши курашишнинг энг самарали йўлидир. Бу борада оиланинг ўрни муҳим аҳамиятга эга. Ёшларни ушбу балодан асраш учун аввало оила қўрғони мустаҳкам бўлиши, унда соғлом турмуш тарзи ҳукм суриши лозим.

Тадбирда ОИТС/ОИВ тарқалишининг олдини олиш, фуқароларнинг ушбу касаллик ҳақидаги тушунча ва билимини бойитиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, касалликка чалинган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш мавзуларида маърузалар тингланди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА

Манба: uza.uz