UZ RU
29.12.2015

Оила соғлом – жамият соғлом

Никоҳдан олдинги тиббий кўрикда бўлғуси куёвда ирсиятга таъсир этувчи хасталик борлиги аниқланди. Тўй куни белгилаб қўйилган. Қолаверса, куёв томон ўз нуқсонини хаспўшлаш мақсадида қизнинг ота-онасини сарпо ташвишидан халос этди. Қудаларининг бундай қўли очиқлигидан бошлари осмонга етган ота-она қизининг эртанги тақдирини ўйлаш, шифокорлар тавсиясига риоя этишдан кўра, дабдабали тўй кўришга кўпроқ иштиёқманд бўлди.

Бироқ ҳали 17 ёшга тўлмаган, орзулари поймол бўлаётган қиз бунинг салбий оқибатларини яхши англарди. Шу боис у атрофдагилардан нажот кутади. Унга ўзи ўқиётган коллеждаги “Ораста қизлар” тўгарагининг аъзолари кўмакка келди. Ўқитувчилар, жамоатчиликнинг саъй-ҳаракати билан муаммога ечим топилди – тўй тўхтатилди.

Бу – пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур тумани ФҲДЁ бўлими қошидаги ёш оила қурувчилар мактабида Тошкент гидрометеорология касб-ҳунар коллежи ўқувчилари ижро этган “Муқаддас қўрғон” мавзуидаги саҳна кўриниши.

– Бундай муаммолар кам бўлса-да учраб турибди, – дейди Шайхонтоҳур тумани ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Сурайё Пўлатова. – Ушбу долзарб масалаларга нисбатан ёшларда холис фикр, оқилона муносабат мавжудлиги барчамизни қувонтирди. Чунки ёшлар эртанги кунимизнинг давомчиларидир. Уларнинг жамият тараққиётига рахна солувчи муаммоларга онгли муносабатда бўлиши, оила олдидаги ўз ҳуқуқ ва масъулиятини тўлиқ англаши, ўзи ва яқинларининг тақдирига бефарқ бўлмаслиги соғлом оилалар барпо бўлишига хизмат қилади. Шу боис туман ФҲДЁ бўлими қошидаги ёш оила қурувчилар мактабида бундай тадбирларни тез-тез ташкил этиб, уларга таълим масканларининг ўқитувчилари, ўқувчилар, ота-оналарни таклиф қилаяпмиз.

Дарҳақиқат, соғлом оила барпо этиш, оналик ва болаликни тиббий-ижтимоий муҳофазалашда тўйдан олдинги тиббий кўрикнинг аҳамияти катта. Шуни назарда тутган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори асосида никоҳланувчи ёшлар тўйдан олдин ирсиятга таъсир этувчи бешта касаллик – ОИВ вируси, сил, гиёҳвандлик, руҳий ва тери-таносил касалликларига оид тиббий текширувлардан ўтмоқда. Туманлардаги кўп тармоқли марказий поликлиникалар, диспансерларда ушбу тиббий кўрикларни тез ва аниқ амалга ошириш учун барча шароит яратилган.

– Янги ҳаёт остонасида турган ёшлар бўлимимизга ариза билан мурожаат қилгач, улар тегишли тартибда тиббий кўрикка йўлланади, – дейди Шайхонтоҳур туман ФҲДЁ бўлими мудири Озода Абдуазизова. – Тиббий кўрик жараёнида ирсиятга таъсир этувчи касалликлар ҳам учраб туради. 2015 йилда йигирмадан ортиқ ана шундай ҳолат қайд этилди. Бундай шароитда бўлажак келин-куёвларнинг ҳар иккисига ҳам вазият тушунтирилади. Бироқ баъзи ёшлар, ҳатто ота-оналар ҳам тўйни тўхтатмасликка қарор қилади. Улар кейинчалик қилмишидан пушаймон бўлганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бундай муаммоларга кўпинча аҳолининг тиббий маданияти етишмаслиги, қонунчилигимизда белгиланган тамойилларнинг мазмун-моҳиятини тўлиқ англамаслик сабаб бўлмоқда. Шу боис аҳоли, хусусан, ёшлар орасида ушбу йўналишдаги тарғибот ишларини кенгайтириш, йигит-қизларга соғлом оила барпо этишнинг ҳуқуқий, тиббий, маънавий асосларини чуқур сингдиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.

Мамлакатимизда аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар бу борадаги вазифаларни ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилаётир. Таълим масканларида ёшларимизга замонавий андозалар даражасида билим бериш баробарида уларнинг тиббий ва ҳуқуқий дунёқарашини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Соғлиқни сақлаш тизимида тиббий-профилактика тадбирларини оилаларга яқинлаштириш, аҳоли орасига чуқур кириб бориш, тиббий-ижтимоий ҳимояга йўналтирилган лойиҳаларни тизимли асосда ташкил этиш бўйича замонавий тизим яратилган ва бу жараён изчил такомиллаштирилмоқда.

ФҲДЁ бўлимлари қошида ташкил этилган ёш оила қурувчилар мактаблари бу борадаги тадбирларнинг узвийлигини таъминлашга хизмат қилаётир. Ушбу мактаблардаги мулоқотларга бўлажак келин-куёвлар билан бир қаторда коллежлар ўқувчилари ҳам мунтазам жалб этилади. Бундан мақсад ёшларни оила ва никоҳ қонунчилиги билан таништириш, йигит-қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, соғлом оилани барпо этишда ёшларнинг масъулиятини ошириш, тиббий билим ва дунёқарашини юксалтириш, тўйдан олдинги тиббий кўрикнинг аҳамиятини изчил татбиқ этишдир.

Шайхонтоҳур тумани ФХДЁ бўлимида ташкил этилган ана шундай мактаб машғулотларига тумандаги еттита коллеж ўқувчилари қамраб олинаётир. Ҳар ойда бир марта ташкил этиладиган машғулотлар оила мустаҳкамлиги, инсон саломатлиги, оналик ва болалик муҳофазаси, никоҳ масъулияти, репродуктив саломатлик каби долзарб мавзуларга бағишланмоқда.

Машғулотларда шифокорлар, психологлар, ҳуқуқшунос мутахассислар иштирок этиб, ёшларга зарур билим ва кўникмаларни ўргатаётир. Эл орасида обрў-эътиборга эга нуроний отахон ва онахонлар билан учрашувлар йигит-қизларда миллий қадриятларимизга эҳтиром туйғусини кучайтирмоқда.

Соғлом она ва бола йилида ушбу йўналишдаги вазифаларни янада кенгайтириш мақсадида туман ФҲДЁ бўлими мутахассислари иш режалари ва тарғибот лойиҳаларини такомиллаштириш, бундай тадбирларнинг таъсирчанлигини янада ошириш юзасидан изланмоқда. Бундай тадбирларни ташкил этишда давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари, жумладан, маҳаллалар билан ҳамкорликни кенгайтиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Зеро, бугунги кунда жамиятимизда кўплаб долзарб масалаларнинг ечимини топишда маҳалланинг иштироки кенгайиб бораётир. Жумладан, маҳаллаларимизда аҳоли орасида ҳуқуқий онг ва тиббий маданиятни юксалтириш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

– Маҳалламизда бу йўналишдаги тадбирларни уюштиришда хотин-қизлар қўмиталари, тиббиёт ва таълим масканлари, ФҲДЁ бўлимлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган, – дейди Шайхонтоҳур туманидаги «Камолон» маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Маъсуда Маҳкамова. – Саломатлик секторлари ташкил этилиб, оилаларда тиббий патронаж тадбирларини самарали ўтказиш, бу жараёнда ҳар бир хонадонни тўлиқ қамраб олиш, оиланинг тиббий-ижтимоий ҳолатини чуқур ўрганиб, оналик ва болаликка салбий таъсир этувчи муаммоларни бартараф этишга эришмоқдамиз. Президентимиз ташаббуси билан эълон қилинган Соғлом она ва бола йилида бу йўналишдаги ишларни тизимли равишда давом эттириш мақсадида тегишли вазифаларни белгилаб олдик. Мақсадимиз жамиятимиздаги ислоҳотлардан ҳар бир инсон, хусусан, оналар ва болаларнинг тўлиқ баҳраманд бўлишига эришишдир.

Баҳор Хидирова, ЎзА

Манба: uza.uz