UZ RU
28.12.2015

Республика Санитария-эпидемология Кенгашининг селектор йиғилиши бўлиб ўтди

2015 йилнинг 28 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида Санитария эпидемиология назорати Бош бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар давлат санитария эпидемиология назорати марказлари раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Видеоселектор форматида ўтган йиғилиш соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Давлат бош санитар шифокори С.Саидалиев ва соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ш.Тиллаев ҳамраислигида бўлиб ўтди.

Йиғилишда соҳага доир қатор масалалар кўриб чиқилди. Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида даволаш-профилактика муассасаларида иссиқлик режимига риоя қилиниши устидан ўтказилган текшириш натижалари бўйича вазирликнинг Комплекс фойдаланиш бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи Д.Нурмухаммедов, шунингдек, Республика ДСЭНМ бош шифокори Б.Алматов маълумот берди.

Даволаш-профилактика муассасалари ички дорихоналари томонидан дори воситаларини тайёрланиш ҳолати тўғрисида Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш Бош бошқармаси бошлиғи Х.Жалилов маърузаси тингланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиботини соддалаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2004 йил 6 июлдаги қарори ижроси тўғрисида Республика ДСЭНМ пуллик хизмат кўрсатиш учун рухсатнома бериш ва маҳсулотларга санитария-эпидемиологик хулоса берилишини назорат қилиш бўлими бошлиғи А.Сотволдиев маъруза қилди.

Кун тартибининг кейинги масаласи – ДСЭНМларнинг кадрлар билан таъминланиши, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар тўғрисида Республика ДСЭНМ Бош врачининг ташкилий масалалар бўйича ўринбосари Н.Тошбоев маъруза қилди.

Шундан сўнг йиғилганлар республикада мактабгача ва умумтаълим муассасаларида ҳудудий давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари томонидан олиб борилаётган давлат (огоҳлантириш ва жорий) санитария назорати бўйича Республика ДСЭНМ бош шифокори Б.Алматов берган маълумотлар билан танишиб чиқишди.

Кун тартибига қўйилган асосий масалалар бўйича маърузалар тинглаб бўлингач, иммунопрофилактика ва 2016 йилда ДСЭНМ моддий-техник базасини такомиллаштириш ва яхшилашга бағишланган соҳага доир қатор масалалар кўриб чиқилди.

Йиғилиш якунида тегишли қарорлар қабул қилиниб, раҳбарларга топшириқлар берилди.

UzMedInfo маркази

Aхборот хизмати