UZ RU
24.12.2015

Соғлом бола ҳафталиги

Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган Соғлом бола ҳафталигида олти ойликдан беш ёшгача бўлган болаларга фойдали микроэлементларга бой бўлган А витамини тарқатилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, инсон организмида иммунитетни кучайтириш ва уни мустаҳкамлашда энг муҳим микроэлементлардан бири А витамини етишмаслиги кўриш қобилиятининг сусайиши, қизамиқ, диарея ва ўткир юқумли касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлади. Шу боис мамлакатимизда ҳар йили бу хасталикларга қарши курашиш мақсадида А витамини саплементацияси дастурига мувофиқ болалар эмланади.

2006 йилдан буён анъанавий ўтказилаётган Соғлом бола ҳафталиги доирасида болажонларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом фарзанд туғилиши ва камолга етишини таъминлашга йўналтирилган тиббий профилактика ишлари амалга оширилмоқда.

Нукус шаҳридаги 5-оилавий поликлиника шифокорлари ҳам бу тадбирда фаол қатнашди.

– Ҳудудимиз аҳолисининг 13 мингдан зиёди 14 ёшгача бўлган болалардир, – дейди оилавий поликлиника бош шифокори ўринбосари Қалбике Ержанова. – Ҳафталик давомида олти ойликдан 5 ёшгача бўлган 3 мингдан зиёд бола тиббий кўрикдан ўтказилди. Дармондорига бой бўлган А витамини тарқатилди. Поликлиникамизда сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароит мавжуд. “Саломатлик-3” лойиҳаси асосида замонавий ташхис қўйиш ускуналари, ЭКГ, автоклав, умумий амалиёт шифокорлари учун жамланма, вакциналарни сақлаш учун музлатгичлар билан жиҳозланган муассасамиз фаолиятидан аҳоли мамнун.

Кегейли туманида ҳам мазкур ҳафталик доирасида 7 мингдан зиёд бола тиббий кўрикдан ўтказилди. Шифокорлар томонидан овулларда аҳоли ўртасида болаларни кўкрак сути билан озиқлантириш, А витамини саплементацияси фойдаси, оналик ва болалик муҳофазаси, оилада соғлом фарзанд туғилиши ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди.

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА

Манба: uza.uz