Она соғлом – миллат бардавом
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, Республика Маънавият тарғибот, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий марказлари, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда давлатимиз раҳбарининг Конституциямиз қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида белгиланган вазифалар юзасидан истиқболдаги лойиҳалар белгилаб олинди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари – Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директори У.Салимов, халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Б.Дониёров, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Л.Тўйчиев ва бошқалар аҳоли ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш, уларнинг жисмоний ҳамда маънавий камол топишига яқиндан кўмаклашиш Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигидаамалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан эканини таъкидлади.
Мамлакатимизда соғлом оилани шакллантириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2016 йилнинг Соғлом она ва бола йили, деб эълон қилиниши бу борадаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқади. Анжуманда бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан фикрлашилди.
Аҳоли саломатлигига ғамхўрлик кўрсатиш, миллат генофондини янада соғломлаштириш масаласи муҳим вазифалардандир. Бу жараёнда давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорликдаги фаолиятини кучайтириш, таълим муассасалари, маҳаллаларда тушунтириш-тарғибот тадбирларини олиб боришнинг аҳамияти катта.
Маълумотларга кўра, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда оналар ўлими 33,3 фоизга қисқарган. Бу аёллар турмушини яхшилаш, уларга қулай шароит яратиш, маиший техникалар билан таъминлаш, қўл меҳнатини енгиллаштириш борасидаги дастурларнинг ҳаётга кенг татбиқ этилаётгани самарасидир.
Соғлом турмуш тарзини жорий этиш, жисмоний маданиятни юксалтириш, оилавий спорт тадбирлари кўламини кенгайтириш, аёл мураббияларни рағбатлантириш борасидаги тадбирлар хотин-қизлар ва болалар саломатлигини янада яхшилашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Онлайн мулоқотда бу йўналишда Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган ишлар, истиқболдаги вазифалар хусусида фикр алмашилди. Ёш авлод соғлиғига бўлган эътиборни кучайтириш, тиббиёт ходимлари малакасини ошириш, халқимизнинг тиббий маданиятини юксалтиришда давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Хотин-қизлар қўмиталари, маҳалла фаоллари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиларнинг фаоллигини оширишга оид тавсиялар берилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди.
Барно Мелиқулова, ЎзА
Манба: uza.uz