UZ RU
17.12.2015

Замонавий саломатлик масканлари

Президентимиз раҳнамолигида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилаётган алоҳида эътибор тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда.

Соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида тиббий хизмат кўрсатиш сифати юксалиб, энг чекка ҳудудларда ҳам замонавий тиббиёт масканлари барпо этилаётир. Фарғона вилояти Бешариқ туманида фойдаланишга топширилган саломатлик масканлари ҳам ана шу йўналишдаги эзгу ишлар самарасидир.

– Айниқса, кейинги икки йилда туманимизда тиббиёт соҳасида катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилди, – дейди Бешариқ тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи А.Тўхтақулов. – Шифохона мажмуасида шошилинч, жарроҳлик, реанимация, терапия, қабулхона бўлимлари қурилди. Замонавий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган бўлимларда касалликни аниқлаш ва тўғри ташхис қўйиш, самарали даволаш учун барча қулайлик яратилган.

Туманда 22 қишлоқ врачлик пункти аҳоли хизматида. “Соғлом она – соғлом бола” тамойилига мувофиқ оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш, алоҳида эҳтиёжли оилаларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш устувор вазифа сифатида белгиланган.

5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига фойдаланишга топширилган туғруқ мажмуасида барча шароит яратилган. Чақалоқлар бўлими шифокори Зебо Абдумаликованинг таъкидлашича, бундай замонавий тиббий масканлар оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА

Манба: uza.uz