UZ RU
11.12.2015

Соғлом фарзанд – жамият бойлиги

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан мамлакатимизда ҳар йилга ном бериш ва шу асосда Давлат дастурини қабул қилиш жараёнида аввало тиббий-ижтимоий чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани инсон манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омили бўлаётир. 2016 йилнинг мамлакатимизда Соғлом она ва бола йили деб номланиши ушбу эзгу ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Давлатимиз раҳбари Конституциямиз қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганидек, соғлом бола, соғлом авлод орзуси аждодларимиздан бизга ўтиб келаётган, қон-қонимизга сингиб кетган азалий интилишдир.

Мустақиллик йилларида бу борадаги ишларни ҳаётга татбиқ этишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилди. Тиббий хизмат тизимини жаҳон андозалари даражасига кўтариш, оналик ва болаликни муҳофазалаш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Бугун «Соғлом она – соғлом бола» мақсадли дастури бераётган муҳим самаралар халқаро миқёсда эътироф этилаётгани барчамизга фахр-ифтихор бағишлайди.

Собиқ тузум даврида оналар ва болалар ўлими кўрсаткичи жуда юқори эди. Тиббий хизматнинг сифати паст, чекка ҳудудларда ҳатто оддий ташхис қўйишга ҳам шароитлар йўқ эди.

Ўша даврларда она ва чақалоққа муносабатда мутлақо номақбул усуллар қўлланилар эди. Масалан, ҳомиладор аёлга бемор сифатида қаралиб, турли керакли-кераксиз дорилар бериларди. Чақалоқ дунёга келгач, она ва болани бир-биридан ажратиш, муайян муддатгача болани эмизмаслик каби ёндашувлар бор эди. Ёки болага сўрғич бериш, гўдакнинг талабига қараб эмас, муайян вақтларда эмизиш тавсия этиларди.

Мустақиллик йилларида халқимизнинг миллий қадриятларига зид бундай тамойилларга бутунлай чек қўйилди. Бола туғилган заҳоти она бағрига бериладиган бўлди. Чақалоқларни кўкрак сути билан озиқлантиришга асосий эътибор қаратилмоқда. Ҳомиладор аёлларга тиббий хизмат кўрсатиш, туғруқни қабул қилишда ҳам замонавий андозаларга таяниш муҳим мезон этиб белгиланди.

Халқимиз, айниқса, оналар ва болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш, жаҳон тиббиётининг энг сўнгги ютуқларини амалиётга жорий этишга йўналтирилган ишлар йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда. Натижада илгарилари ҳатто тасаввуримизга ҳам сиғдириш қийин бўлган янги йўналишлар ва замонавий тиббий технологиялар мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига изчил татбиқ этилмоқда.

Перинатология тиббиётнинг ана шундай замонавий йўналишларидан биридир. Баъзи омиллар, хусусан, она саломатлиги билан боғлиқ муаммолар ҳомиланинг ривожланиши ва соғлом ҳолатда дунёга келишига жиддий таъсир кўрсатади. Шундай вазиятларда перинатология хизматига эҳтиёж туғилади.

Мамлакатимизда она ва болага перинатал тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича уч босқичли тизим шаклланган. Республика перинатал маркази бу йўналишдаги етакчи тиббиёт муассасаси ҳисобланади.

Перинатология хизматининг аҳамияти ой-куни етмай туғилган чақалоқларни парваришлашда янада яққол намоён бўлади. Илгарилари кам вазнда туғилган чақалоқлар ҳаётини асраб қолиш жуда катта муаммо эди. Бугунги кунда 500 грамм туғилган гўдакларни ҳам соғлом ҳолда ривожлантириш имконияти бор. Бунинг учун марказимизда замонавий технологиялар, шифокорларимизнинг илмий-амалий салоҳияти етарли.

Бу борадаги ишларни янада кенгайтириш мақсадида хориждаги нуфузли клиникалар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Германиянинг жаҳонга машҳур «Шарите» клиникаси ана шундай ҳамкорларимиздан биридир. Малака ошириш мақсадида ушбу клиникада бўлганимда шунга амин бўлдимки, бизнинг имкониятларимиз ва у ердаги шароитлар бир хил экан. Ўз ўрнида хорижлик ҳамкасбларимиз ютуқларимизни алоҳида эътироф этиб, соҳада энг яқин ҳамкор бўлишга лойиқ эканимизни таъкидламоқда.

Буларнинг бари Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда тиббиёт тизими изчил ривожлантирилиб, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун барча имкониятлар яратилаётганининг самарасидир.

Президентимиз ўз маърузасида Соғлом она ва бола йилида бу борадаги эзгу ишларни янги босқичга кўтариш бўйича асосий йўналишларни белгилаб берди. Хусусан, тиббиёт муассасалари, жойларда фаолият кўрсатаётган перинатал марказларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, соҳада фаолият юритаётган шифокорларнинг малака ва маҳоратини юксалтириш билан боғлиқ устувор вазифаларни амалга ошириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Тиббиётнинг турли йўналишларида эришилган илғор тажрибалар, соҳада шаклланган замонавий инфратузилма ушбу чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш, она ва бола саломатлигини таъминлаш, соғлом фарзандларни дунёга келтириш, уларнинг бахту камолини кўриш учун замин яратади.

Шоҳида Бобожонова,
Республика перинатал маркази
бош шифокори ўринбосари,
тиббиёт фанлари номзоди.

Манба: uza.uz