Саломатлик фидойиларига эҳтиром
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири А.Алимов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ этишга йўналтирилган ислоҳотлар аҳолининг малакали тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, халқимизнинг саломатлик даражасини мустаҳкамлашда ўзининг юксак самараларини бераётганини таъкидлади.
Тиббиёт тизимини ислоҳ этишга йўналтирилган давлат дастурларида белгиланган вазифалар ҳаётга татбиқ этилиши натижасида мамлакатимизда соғлиқни сақлашнинг жаҳон стандартларига мос тизими яратилди. Бунинг натижасида нафақат шаҳарларда, балки чекка қишлоқларда ҳам аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатишга эришилмоқда.
“Соғлом она – соғлом бола” миллий модели оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, саломатликка салбий таъсир кўрсатаётган муаммоларнинг олдини олиш, соғлом авлодни вояга етказиш имконини бермоқда.
Ҳар йили Мустақиллик байрами арафасида давлатимиз раҳбарининг фармонларига мувофиқ эл саломатлиги йўлида фидокорона меҳнат қилаётган бир гуруҳ юртдошларимиз Ватанимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирланмоқда. Тадбирда жорий йилда тақдирланган тиббиёт ходимларига давлатимизнинг юксак мукофотлари тантанали равишда топширилди.
– Инсон учун ҳалол меҳнатининг мевасини кўриш, жамиятда эъзоз-эътибор топишдан ортиқ бахт йўқ, – дейди “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, Республика скрининг маркази директори Мадина Шарипова. – Ана шундай бахтиёр инсонлар сафида эканимдан ғоят мамнунман. Мамлакатимизда жамиятнинг барча соҳаларини модернизация қилишга қаратилган ислоҳотлар, ҳар бир инсоннинг меҳнати юзага чиқиши учун қулай шароитлар яратилгани ютуқларимизнинг асосий омили бўлаётир. Бундай имкониятлардан оқилона фойдаланиш, Ватанимизнинг тараққиётини янада юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.
Мукофотларни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов топширди.
Баҳор Хидирова, ЎзА
Манба: uza.uz