Янгиободда янги сиҳатгоҳ
Конституциямиз қабул қилинганининг 23 йиллиги арафасида Жиззах вилоятининг Янгиобод туманида “Ҳавотоғ” санаторийси фойдаланишга топширилди.
Президентимиз раҳнамолигида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, дам олиш шароитларини яхшилашга қаратилаётган доимий эътибор курорт-санаторий тармоқларини янада кенгайтириш, хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини оширишда юксак самаралар бермоқда. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси маблағи эвазига қурилган ушбу санаторий ҳам бу йўналишдаги хайрли ишлардан биридир.
“Глобалқурилиштрансмонтаж” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан барпо этилган иншоотда 7 миллиард сўмликдан зиёд қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Муассаса 2 миллиард сўмликдан зиёд замонавий ускуналар билан жиҳозланди.
Асаб тизими, ҳаракат-таянч, юрак-қон томир, ошқозон-ичак касалликларини даволашга ихтисослашган 50 ўринли сиҳатгоҳнинг асосий даволаш воситаси 1 минг 300 метр ер остидан олинаётган 58-60 даража иссиқликдаги шифобахш сувдир. Ушбу сув таркибида йод, бром, темир каби инсон саломатлиги учун ғоят зарур бўлган қирқдан зиёд маъдан борлиги аниқланган.
– Ётоқхона, дам олиш, муолажа хоналарида даволанувчилар учун барча шароит мавжуд, – дейди санаторий бош шифокори Х.Мансуров. – Муассасанинг даволаш ускуналаридан ташқари замонавий текширув ва ташхис аппаратлари билан ҳам таъминлангани қўшимча қулайликлар яратмоқда.
Муассаса ҳудудининг хушманзаралиги, тренажёр, турли спорт майдончалари дам олувчиларнинг вақтини мазмунли ўтказишга хизмат қилади.
Тошқул Бекназаров, ЎзА
Источник: uza.uz