Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот
Ялпи мажлиснинг иккинчи кунини сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқишдан бошладилар.
2014 йилда давлат ҳокимияти тизимини янада демократлаштиришга қаратилган, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган тузатишларни амалга ошириш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги қонунларга, бир қатор бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Сенаторлар Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолиятини ташкил этишда сиёсий партиялар фракцияларининг ролини оширишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг ўта муҳимлигини қайд этдилар. Хусусан, қонунни кўриб чиқишда қонун ижодкорлиги жараёнининг ҳар бир босқичида фракциялар фикр-мулоҳазаларини олиш, шунингдек, Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни фракциялар дастлабки тарзда муҳокама этиши шартлиги қонунчилик йўли билан мустаҳкамлаб қўйилди. Муқобил қонун лойиҳаларини киритиш бўйича мухолифат фракциясининг ҳуқуқлари аниқлаштирилди ва кенгайтирилди.
Ушбу қонунда қонун ижодкорлиги жараёнини янада демократлаштиришга, унинг самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор нормалар назарда тутилди. Жумладан, қонун лойиҳаларининг ҳар томонлама маромига етказилишини ташкил этиш, Олий Мажлис ваколатига кирадиган бошқа масалаларни кўриб чиқиш мақсадида парламент палаталари қўмиталарининг ҳузурида давлат органлари, илмий ва таълим муассасалари мутахассислари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг тегишли соҳаларда иш тажрибасига эга бўлган вакиллари орасидан эксперт гуруҳларини тузишнинг аниқ тартиби белгилаб қўйилмоқда. Социал ва ижтимоий муҳим аҳамиятга эга бўлган масалаларга тааллуқли қонун лойиҳаларини муҳокама этишда фуқаролик жамияти институтлари вакилларини албатта таклиф қилиш назарда тутилмоқда.
Ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан парламент назоратини кучайтиришга қаратилган конституциявий нормаларни амалга ошириш мақсадида Олий Мажлис палаталари регламентлари тўғрисидаги қонунларда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг тегишли тармоқларида қонун ҳужжатлари, давлат дастурлари талабларининг бажарилиши, қабул қилинган қонунларнинг ижроси билан боғлиқ қонуности ҳужжатларини қабул қилишга доир ишлар тўғрисида Ҳукуматнинг йиллик маърузаларини, давлат бошқаруви органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботларини эшитиш тартиби аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Ҳукуматнинг мустақиллигини ва айни пайтда жавобгарлигини янада оширишга қаратилган, Конституцияга киритилган тузатишларни амалга ошириш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги қонунда унинг ваколатлари аниқроқ белгилаб берилмоқда, бу эса сенаторларнинг фикрича, ижро этувчи ҳокимият тизимини, давлат бошқаруви органлари фаолиятини янада демократлаштиришга, уларнинг самарадорлигини оширишга кўмаклашади.
Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига бир қатор ўзгартишлар киритилди. Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонунларга ва бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритилди. Жумладан,Марказий сайлов комиссиясининг ваколатлари кенгайтирилди. Энди унинг зиммасига халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўйича сайлов комиссияларининг фаолиятини услубий жиҳатдан таъминлаш функциялари юкланмоқда, сайлов тизимини янада демократлаштиришга қаратилган бошқа қўшимчалар ҳам киритилди.
Мажлис давомида корпоратив бошқарув соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар кўриб чиқилди. 2015 йил 24 апрель куни “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони қабул қилинганлиги муносабати билан “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар акциядорлик жамиятлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга, потенциал инвесторлар учун уларнинг очиқлиги ва жалб этувчанлигини таъминлаш, корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш, мамлакатимиз иқтисодиётига тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини кенг жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган.
Қонун билан давлат органларига, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ва бошқа ташкилотларга, шунингдек, уларнинг мансабдор шахсларига тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ваколатига тааллуқли бўлган бошқа масалалар бўйича уларга кўрсатмалар ва бошқа фармойишлар бериш тақиқланади, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Акциядорлик жамиятини ўрта муддатга ва узоқ муддатга мўлжалланган истиқбол стратегиясини аниқлаш, шунингдек, ижро этувчи орган ва кузатув кенгашининг мазкур стратегияни амалга ошириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботларини мунтазам эшитиб бориш бўйича акциядорлар умумий йиғилишларининг ваколатлари анча кенгайтирилмоқда.
Ушбу ўзгартишларга мувофиқ акциядорлик жамиятлари ишларини бошқаришда иштирок этаётган чет эллик менежерларнинг ваколатлари кенгайтирилди, акциядорлик жамиятларидаги чет эллик ходимларнинг бошқарув ходими сифатида олган даромадларини солиқдан озод этиш назарда тутилмоқда.
Қонун билан процессуал қонун ҳужжатларига бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, суд иши тезкорлигини, очиқлигини ва сифатини, унинг фуқаролар учун қулайлигини ошириш мақсадида Хўжалик процессуал кодексига, Бюджет кодексига ва “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартишларга мувофиқ тегишли суд тартиб-таомилларини ўтказишда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишнинг турли шакллари, жумладан, ижро варақасини судьянинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган электрон ҳужжат тарзида жўнатиш мумкинлиги белгилаб қўйилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг сенаторлар “Ветеринария тўғрисида”ги (янги таҳрири) Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар. Мажлисда таъкидланганидек, ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат мамлакатимизда ветеринария хизматини янада ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини аниқ мустаҳкамлаб берди.
Қонунда давлат ветеринария хизмати, профилактика, диагностика ва даволаш тадбирлари, ветеринария назорати ҳамда ҳайвонларнинг касалга чалинишининг, республика ҳудудига бошқа давлатлардан уларнинг юқумли касалликлари олиб кирилишининг олдини олишга қаратилган бошқа ишларнинг самарадорлигини таъминлаш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармасининг ваколатлари белгилаб берилди.
Ветеринария тадбирларини ўтказишда, бу соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал қилишда давлат органлари ва бошқа органларга кўмак беришда ҳамда зарур ёрдам кўрсатишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар иштирок этишининг ҳуқуқий механизмлари мустаҳкамланмоқда.
Сенаторлар таъкидлаганидек, ушбу қонуннинг қабул қилиниши ҳозирги замон талаблари ва стандартларини инобатга олган ҳолда ветеринария хизматини янада ривожлантиришга, давлат ветеринария назорати самарадорлигини оширишга, аҳоли саломатлигини, атроф-муҳитни асрашнинг ветеринария-санитария муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенаторлар “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги (янги таҳрири) Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар.
Мажлисда таъкидланганидек, мазкур қонуннинг мақсади дори воситалари айланиши ва фармацевтика фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришдан, аҳолини сифатли, хавфсиз дори воситалари, дори-дармонлар билан таъминлашнинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтиришдан иборат.
Ушбу вазифаларни самарали ҳал этиш мақсадида қонунда ҳозирги замон талаблари ва стандартларини ҳисобга олиб, фармокологик воситаларнинг, дори воситаларининг, тиббий буюмларнинг клиникадан олдинги тадқиқотларини ўтказишнинг аниқ ҳуқуқий тартиби ва шартлари белгиланмоқда. Дори воситалари, тиббий буюмлар давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин уларни қўллашга рухсат берилиши белгилаб қўйилмоқда.
Дори воситаларини ва тиббий буюмларни тайёрлаш, сақлаш, ташишга нисбатан қўйиладиган асосий талаблар, мамлакатимиз ҳудудига тиббий препаратларни олиб кириш ва мамлакат ҳудудидан олиб чиқиш тартиби мустаҳкамланмоқда. Аҳолини хавфсиз ва самарали дори воситалари билан таъминлашнинг муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда қонун фармакологик назоратни амалга оширишга қўйилган талабларни, соғлиқни сақлаш муассасаларининг ушбу соҳадаги ваколатларини, функцияларини белгилаб бермоқда.Қонунда дорихоналарнинг ҳуқуқий мақоми, уларнинг ходимларини касбга тайёрлаш даражасига қўйиладиган талаблар белгилаб берилди.
Мамлакатимизда қўлланилаётган дори воситаларидан фуқароларни кенг хабардор қилиш, фармацевтика фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-сайтида тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этилган дори воситаларининг, тиббий буюмларнинг ва тиббий техникаларнинг давлат реестрини, шунингдек, рецептсиз бериладиган дори воситаларининг рўйхатини ҳамда дори воситалари ва бошқа тиббий воситалар тўғрисидаги бошқа расмий ахборотни жойлаштириш талаби жорий этилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонун фуқароларнинг малакали тиббий хизмат кўрсатишдан иборат ҳуқуқларини таъминлаш, тиббий хизматлар сифатини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, фуқароларни тиббий-ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисмига айланади.Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботини тингладилар.
Ҳисобот даврида қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ҳамда давлатнинг қонун билан ҳимоя қилинадиган манфаатларини, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларни профилактика қилиш юзасидан зиммаларига юклатилган вазифаларни бажаришга доир кўплаб ишлар прокуратура органлари томонидан бажарилганлиги сенаторлар томонидан қайд этилди.
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан қонун ҳужжатлари шак-шубҳасиз ижро этилишини таъминлашга, улар қабул қилаётган норматив ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига мувофиқлигини таъминлашга қаратилган таъсирчан чора-тадбирлар прокуратура органлари томонидан амалга оширилмоқда.
Прокуратура органлари қонун ҳужжатларини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга доир таклифлар тайёрлаш орқали ҳуқуқбузарликларни содир этишнинг аниқ сабаблари ва шартларини аниқлашга, уларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратди.
Жиноятга қарши курашишни ташкил этиш соҳасида профилактика чора-тадбирлари самарадорлигини, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий билимлари, ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш талабларининг самарадорлигини оширишга муҳим урғу берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 24 июлда қабул қилинган “Қонунчилик ижросини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси таркибида Қонунчилик ижроси устидан назорат бош бошқармаси ташкил этилиши прокуратура органлари назорат фаолияти кучайишининг муҳим омилига айланди.
Ҳисобот даврида қонунлар ижроси бўйича ўтказилган 17 мингдан ортиқ текширув якунларига кўра прокуратура органлари томонидан 115228 та прокурор назорати ҳужжати қўлланилди, 87094 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Давлат органларининг қонун ҳужжатларига зид бўлган 19578 та ҳужжати устидан арз қилинди. Натижада кейинчалик ушбу ҳужжатлар бекор қилинди ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳолга келтирилди.
“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижро этилиши, ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, бунинг учун ажратилаётган маблағлардан мақсадли фойдаланиш билан боғлиқ масалалар ҳам прокуратура органларининг диққат марказида бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майда қабул қилинган “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг қоидаларини сўзсиз ижро этишгапрокуратура органлари томонидан алоҳида эътибор қаратилди.
Мажлисда таъкидланганидек, мазкур фармон, унга мувофиқ қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни сўнгги йилларда мазкур соҳада қабул қилинган энг муҳим норматив ҳужжатлар бўлиб қолмоқда. Ушбу қонун ҳужжатлари тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, бизнес олиб боришни ташкил этиш, назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш билан боғлиқ мазкур субъектлар фаолиятининг деярли барча жиҳатларига тааллуқлидир.
Ушбу қонун ҳужжатларининг қоидаларини амалга ошириш мақсадида прокуратура органлари томонидантадбиркорлик фаолияти эркинлиги кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг сўзсиз ижро этилишиустидан назоратни кучайтиришга, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини бузганлик учун назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ваколатли давлат органлари мансабдор шахслари жавобгарлигининг муқаррарлигини таъминлашга қаратилган комплекс, тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда ҳамда рўёбга чиқарилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майда қабул қилинган фармонини ижро этиш мақсадида Бош прокуратура ҳузурида фуқароларнинг, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кечаю кундуз қабул қиладиган электрон тизим яратилди ва самарали фаолият кўрсатмоқда. Мурожаатларни кўриб чиқиш тезлигини таъминлаш мақсадида ушбу тизимга 34 та идора, прокуратура органларининг вилоят ва туман бўлинмалари уланди. Ҳар бир мурожаатнинг ўз вақтида кўриб чиқилиши он-лайн режимда назорат қилинмоқда.
Бош прокуратуранинг Мурожаатларни кечаю кундуз қабул қилувчи маркази ташкил этилганидан буён (2015 йил 1 июль) марказ телефонларига 19 мингдан зиёд мурожаат келиб тушди. Улар бўйича прокурор томонидан тегишли чора-тадбирлар кўрилди. Ҳисобот даврида прокуратура органлари томонидан деярли 16 минг нафар тадбиркорлик субъектининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан уларга амалий ёрдам кўрсатилди. Тадбиркорларни ҳимоя қилишга қаратилган назорат тадбирлари натижасида уларнинг фойдасига 13 миллиард сўм ундириш тўғрисида судларга 764 та ариза киритилди, 6220 нафар тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланди.
Муҳокама чоғида қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг меҳнат, ижтимоий таъминот, соғлиқни сақлаш, таълим соҳасидаги ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича прокуратура органлари фаолиятининг самарадорлигини янада оширишга доир таклиф ҳамда тавсиялар билдирилди.
Тадбиркорлар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларни профилактика қилиш, кенг жамоатчиликни жиноятга қарши курашишга жалб қилиш, мамлакатимизда қонунийликни ва ҳуқуқ тартиботини таъминлашга доир прокуратура томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирларни кучайтириш тавсия этилди.
Шунингдек, фуқароларнинг, айниқса ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини, ҳуқуқий онгини ошириш, қонунийликни таъминлашда фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликни таъминлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бу соҳадаги фаолияти самарали мувофиқлаштирилишини ташкил этиш ҳам муҳим вазифадир.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқладилар.
Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Олий суди таркибига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масалаларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига кирадиган бошқа масалаларни кўриб чиқдилар.
Кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Умуман олганда, Сенат ялпи мажлисининг якунларига кўра 15 та масала, шу жумладан, 7 та қонун кўриб чиқилди. Сенаторларнинг фикрича, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз парламенти томонидан қабул қилинган амнистия тўғрисидаги ҳужжат, Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда 2016 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари, 2016 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури, Сенат мажлиси давомида маъқулланган қонунлар демократик ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг ва фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг, давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини янада демократлаштиришнинг, иқтисодиётни, суд-ҳуқуқ тизимини эркинлаштиришнинг, мамлакатимиз хавфсизлигини, барқарор ривожланишини таъминлашнинг, инсонлар турмуш даражасини ва сифатини оширишнинг муҳим омилига айланади.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.
Источник: uza.uz