Бухорода неврологиянинг долзарб масалалари муҳокама қилинди
2015 йилнинг 4 декабр куни Бухоро шаҳрида неврологиянинг долзарб масалаларига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бухоро Давлат тиббиёт институти ҳамда Ўзбекистон неврологлари жамоа бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда ўзбекистонлик тиббиёт соҳаси олимлари ва ёш тадқиқотчилар билан бир қаторда Россия ва Қозоғистондан ташриф буюрган мутахассислар ҳам иштирок этишди.
Анжуман иштирокчилари томонидан мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида аҳолига малакали ва ихтисослаштирилган неврологик ёрдам кўрсатишнинг замонавий тизими ишлаб чиқилгани алоҳида қайд этилди. Бунда асосий эътибор касалликни ўз вақтида ташхислаш, олдини олиш ва даволашда илғор методларни ўзида акс эттирган илмий ютуқларни амалиётга татбиқ этишга қаратилмоқда.
Пленар мажлис давомида маърузачилар турли патологик шароитларда нейроцитопротекторларни танлаш хусусияти, неврологик бузилишларни даволашда ноотропларнинг ўрни, «эмоционал ёниш» синдромининг клиник кўриниши каби мавзулардаги масалаларни муҳокама қилишди.
Пленар йиғилишдан сўнг илмий-амалий анжуман мавзулар бўйича секцияларда давом этди.
Тадбир якунида тингланган маърузалар муҳокама қилинди, ёш олимлар танлови ғолиблари тақдирланди, иштирокчиларга сертификатлар топширилди, шунингдек, илмий-амалий анжуман резолюцияси қабул қилинди.
Тадбир доирасида янги дори воситалари, замонавий ахборот технологиялари, тиббиёт буюмлари ва ихтисослаштирилган нашрлар кўргазмаси ташкил этилди.
UzMedInfo маркази
Aхборот хизмати