UZ RU
03.12.2015

Оналик ва болалик муҳофазасини такомиллаштириш йўлида

2015 йилнинг 3 декабр куни International Hotel Tashkent меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Европа Иттифоқи Делегацияси ва ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигидаги «Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш хизматларини такомиллаштириш» лойиҳасининг якуни доирасида анжуман бўлиб ўтди.

 

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Л.Тўйчиев очиб берди ва лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилиши мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган давлат сиёсатининг юқори даражада самарали эканлигидан далолат беришини, мамлакатимизда соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш энг асосий устивор вазифа этиб белгиланганлигини алоҳида таъкидлади.

Тадбирда вазирлик ва қуйи идораларнинг раҳбар ва мансабдор ходимлари, тиббиёт билим юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, халқаро ташкилотлар ва лойиҳа раҳбарлари иштирок этишди.

Икки кунлик анжуман доирасида лойиҳа натижалари ва олинган сабоқларни муҳокама қилиш, шунингдек, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасида келажакдаги фаолият учун тавсиялар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Мазкур лойиҳа соғлиқни сақлаш тизимда давлат томонидан олиб борилаётган ислоҳотларга кўмаклашишга қаратилган бўлиб, у 2008-2015 йилларда икки босқичда амалга оширилди.

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимида кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилашга ва Андижон, Наманган, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё каби синов вилоятларида соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари малакасини оширишга қаратилган лойиҳанинг I босқичи муваффақиятидан сўнг, 2012 йилнинг июл ойида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини қамраб олиш даражасида кенгайган, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш хизматларини миллий миқёсда кенг ёйишга қаратилган лойиҳанинг II босқичи бошланди.

Лойиҳанинг II босқичида оналик ва болаликни муҳофаза қилишни такомиллаштиришга қаратилган ўнта меъёрий ҳужжат қабул қилинишига эришилди. Шунингдек, 17 мингдан ортиқ тиббиёт мутахассислари ва раҳбар ходимлар оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасидаги хизматларни такомиллаштиришга қаратилган ўқув машғулотларида қатнашдилар. Бу эса ўз ўрнида бутун мамлакат бўйича амалга оширилган лойиҳанинг барқарорлигини таъминлайди.

Лойиҳа меъёриий ҳужжатлар ишлаб чиқиш ҳамда тиббиёт ходимлари салоҳиятини ошириш билан бир қаторда, ҳамжамиятлар доирасида тиббий хизматларга бўлган талабни оширишга қаратилди ва бунда 5 ёшгача бўлган фарзандлари бўлган оилаларга алоҳида эътибор қаратди. Шаҳарлар ва қишлоқлардаги танланган ҳамжамиятларда иштирок орқали ўрганиш ва фаолият юритиш ёндошуви илк бор синаб кўрилди. Бунда бола парвариш қилувчиларга бешта асосий қоидаларга риоя қилиш ва уларнинг барқарорлигини таъминлаш ишида ёрдам берилди. Ушбу қоидалар кўкрак сути билан боқиш, болалар касалликларининг хавфли белгиларини аниқлаш, турли фойдали элементлар билан бойитилган озиқ-овқатларни истеъмол қилиш қоидаларига риоя қилиш, гигиеник қоидаларга риоя қилиш ҳамда она ва бола ўртасида ҳис-туйғули алоқаларни ривожлантириш кабилардан иборат.

– Мазкур лойиҳанинг амалга ошрилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси ва ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилди, – дейди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси раҳбари, элчи Юрий Штерк. – Назаримизда, лойиҳанинг энг муҳим ютуғи Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан лойиҳанинг натижаси ҳамда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш хизмати соҳаси имкониятларини мустаҳкамлаш бўйича жавобгарликни ўзига олгани ҳисобланади. Биз барчамиз анъанавий, лойиҳавий ёндашувдан замонавий, тармоқли ёндашувга ўтиш гувоҳига айландик, умид қиламизки, бу Ўзбекистон Республикасига мингйиллик ривожланиш Мақсадларига эришишга ёрдам беради.

– Мазкур ҳамкорликдаги лойиҳа ўзига хос ҳисобланади, чунки у янги туғилган чақалоқлар, эрта ёшдаги болалар ва оналарга барча аспектларда сифатли тиббий ёрдам кўрсатишни ҳисобга олган, – дейди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Роберт Фудерич. – Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Европа Иттифоқи Делегациясига миллий миқёсда болалар салмоатлигида аллақачон ўзининг ижобий таъсирини кўрсатаётган мазкур инновацион лойиҳадаги самарали ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирмоқчиман.

– Соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари ота-оналар ва янги туғилган чақалоқлар билан уйга қайтиш олдида турган оилаларга маслаҳат бериш бўйича таълим олишди, шунингдек, беш ёшгача бўлган болаларни даволаш бўйича ўз билимларини оширишди, – дейди Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Қудрат Жуманиёзов. – Хусусан, охирги уч йилда лойиҳа доирасида Жиззах вилоятида 1400 нафардан ортиқ мутахассис малакаси оширилди. Турли даражадаги ёрдам кўрсатиш ва ихтисослик соҳалари тиббий ходимлари салоҳиятининг ўсиши илғор тиббий амалиётлардан барқарор фойдаланишни кафолатлайди.

Конференция ўз ишини 4 декабргача давом эттиради. Тадбир давомида соғлиқни сақлаш тизимида тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, тадбир натижасида Марғилондаги болалар шифохонасида, Хожикент туғруқ комплексида ва Қарақалпоғистон Республикаси Амударё туманидаги «Маданият» қишлоқ врачлик пункитида кўрсатилаётган хизматлар сифатининг яхшиланиши, шунингдек, бирлашмалар билан ишлаш бўйича компонентлар ва синов маҳаллалари иштироки орқали аҳолини ўқитиш усуллари каби мавзуларда маърузалар тингланиши кўзда тутилган.

 

UzMedInfo маркази

Aхборот хизмати