UZ RU
03.12.2015

Замонавий технологиялар саломатлик хизматида

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида мамлакатимизда кардиология соҳасида аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири А.Алимов, Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази директори Р.Қурбонов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар жараёнида кардиология хизматини замон талаблари даражасида такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ этиш бўйича давлат дастурлари ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилаётгани аҳолига кардиологик хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш имконини бермоқда.

Республика ихтисослаштирилган кардиология марказида кардиология соҳасидаги илғор тажрибаларини ўзлаштириш ва янги даволаш усулларини жорий этиш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Натижада диагностика ва даволаш бўйича кўплаб янгиликлар соҳага жорий этилаётир. Жумладан, коронароангиография амалиёти ўзлаштирилиши самарасида юракнинг тожсимон артериялари торайган жойини аниқлаш ва уни ўз вақтида даволаш орқали миокард инфарктининг олдини олишга эришилмоқда.

Марказда йилига юзлаб беморларга шундай юқори технологияли услубда малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Аритмия, юрак ишемик касаллиги, юрак нуқсонларини даволаш бўйича орттирилган илғор тажрибалар илгари даволаш мушкул бўлган кўпгина хасталикларни бартараф этиш, инсон саломатлигини асрашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Соҳадаги янгиликларни мамлакатимизнинг барча ҳудудида жорий этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Наманган вилояти кардиология марказида жаҳон тиббиётининг ноёб услуби – коронарография ва стендлаш амалиёти жорий этилди. Айни пайтда Хоразм, Бухоро, Фарғона вилоятларидаги шифохоналарда шундай янгиликларни татбиқ этиш бўйича иш олиб борилаётир. Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, юрак касалликларининг олдини олиш ва эрта аниқлашга йўналтирилган тиббий-профилактика тадбирларини ривожлантириш ҳам доимий эътиборда.

Матбуот анжуманида кардиология соҳасида халқимизга кўрсатилаётган тиббий хизматни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган натижалар хусусида маълумот берилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

Баҳор Хидирова, ЎзА

Манба: uza.uz