UZ RU
02.12.2015

Кардиологиянинг долзарб масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди

Шу йилнинг 2 декабр куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида кардиологиянинг долзарб масалалари ва истиқболдаги режаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

1 крупно.JPG

Анжуманни Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.Алимов кириш сўзи билан очиб, юртимизда юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволаш масалаларига қаратилаётган эътибор, ушбу соҳада қўлга киритилган ютуқларни алоҳида қайд этиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур матбуот анжуманида Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари, Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази раҳбар ходимлари, илмий тадқиқотчилар, ёш олимлар ва журналистлар иштирок этди.

2.JPG  3.JPG

Тадбир давомида Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази директори, профессор Равшан Қурбонов марказ фаолияти, ташкил этилган бўлимлар, кадрлар салоҳиятига атрофлича тўхталиб ўтди. Анжуманда қайд этилганидек, айни пайтда Республика ихтисослаштирилган кардиология марказида 10 та махсус кардиологик бўлим фаолият кўрсатмоқда. Ушбу бўлимларда артериал гипертония, ўткир миокард инфаркти, юрак-ишемик касалликлари, юрак аритмиялари, юрак етишмовчилиги каби хасталикларни самарали даволаш йўлга қўйилган. Шунингдек, 250 қатновга мўлжалланган, замонавий қулайликларга эга маслаҳат поликлиникаси ҳам аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатмоқда. Бу ерда беморларга профессорлар ва олий тоифали кардиологлар томонидан тиббий маслаҳатлар берилиб, велоэргометрия, ЭКГни сутка давомида ёзиб олиш, эхокардиография, биокимёвий таҳлиллар каби замонавий текширувлар ўтказилади.

4 крупно.JPG

– Ҳозирги кунда мамлакатимизнинг деярли барча вилоятларида кардиодиспансерлар, иккита вилоятда эса мазкур ихтисослаштирилган марказнинг филиаллари ташкил этилган, – дейди Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг юрак аритмияси бўлими мудири, тиббиёт фанлари доктори Нодир Зокиров. – Бу эса республикамизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳолига малакали шифокорлар томонидан юқори технологик тиббий хизмат кўрсатишни таъминламоқда. Таъкидлаш жоиз, марказимизда малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор берилади. Хусусан, марказда ташкил этилган клиник ординатура курсларида ҳар йили 25 нафардан ортиқ кардиолог мутахассис тайёрланмоқда. Охирги ўн йилликда 250 нафардан ортиқ кардиолог тайёрланиб, ҳозирда улар мамлакатимизнинг даволаш муассасаларида хизмат қилмоқда. Марказда хориж давлатларидаги етакчи кардиологик клиникалар билан ҳамкорлик алоқалари кенг йўлга қўйилган. Ушбу ҳамкорлик доирасида ёш шифокорлар хорижий давлатларнинг етакчи кардиологик клиникаларида ўз малакаларини ошириб келмоқда.

5.JPG  6.JPG

Тиббиётнинг барча соҳаларида бўлгани каби кардиололгия йўналишида ҳам босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилди. Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази ва вилоятлардаги кардиодиспансерлар жаҳон андозаларига жавоб берадиган тиббий асбоб- ускуналар билан жиҳозланди, юқори технологик даволаш ва диагностика усуллари амалиётга кенг жорий этилди. Марказда охирги беш йилликда рентгенэндоваскуляр жарроҳлик бўлими ташкил қилиниб, бўлим замонавий ангиографик ускуна билан жиҳозланди. Ҳозирги кунда коронароангиография – юрак тожсимон артерияларининг торайган қисмларини аниқлаш, уларга стент (найча) ўрнатиш каби юқори технологик усуллар муваффақиятли амалга оширилмокда. Кардиология марказида йилига мингдан ортиқ беморда ушбу даволаш амалиёти қўлланиб келинмоқда. Бундай усул билан даволаш орқали юрак-қон томир касалликларининг энг оғир тури бўлмиш миокард инфарктининг олди олиш мумкин. Шуниси қувонарлики, замонавий усуллар ёрдамида даволаш вилоятларда ҳам йўлга қўйила бошланди.

Матбуот анжумани давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

UzMedInfo маркази 

Aхборот хизмати