UZ RU
01.12.2015

Соғлом турмуш кечирган дарддан узоқ бўлади

Дилдора мўмай даромад ваъда қилган дугонасининг сўзларига ишониб, ёш боласи билан хорижга ишга кетди. Мусофир юртда ўғли касал бўлиб, аллақандай ҳамширадан муолажа олади. Юртимизга қайтгач, ўғли тез-тез ҳолсиз бўла бошлайди. Оилавий поликлиникага тиббий таҳлил топширади. Маълум бўлишича, хорижда етарли зарарсизлантирилмай ишлатилган шприцдан болага ОИВ юққан экан...

– Агар бола ўша “муолажа”дан кейин 48 соат ичида тиббиёт муассасасига олиб келинганида ретровирусга қарши дорилар орқали касаллик юқишининг олдини олиш мумкин эди, – дейди Республика ОИТСга қарши кураш маркази қошидаги ихтисослаштирилган клиника бош шифокори Дилфуза Файзуллаева. – Гўзаллик салонларида, сартарошхона ёки тана аъзоларига санчилувчи маиший воситалардан фойдаланганда ОИВ инфекциясини юқтириб олиш эҳтимоли юқори бўлади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, бугун дунё бўйича одам иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) билан оғриганлар 40 миллиондан ортиқ. Ҳар йили 2,5 миллион киши ушбу хасталикка чалиниб, 1,5 миллиони дунёдан кўз юмади. Айниқса, ёшларнинг мазкур вирус билан хасталаниш ҳоллари кўпаяётгани, уларнинг оғир қисмати барчамизни огоҳ бўлишга ундайди.

ОИТС касаллигида инсон организмини ички ва ташқи зарарли омиллардан ҳимоя қилувчи – иммун тизими вирус таъсирида издан чиқади. Мутахассисларнинг фикрича, ОИВ вируси организмга тушгандан сўнг йиллар давомида ҳам унинг клиник белгилари аён бўлмаслиги мумкин. Бу касалликни юқтирганлар аксарият ҳолларда ўзларининг хасталигини сезмайди. Фақат бирор касаллик, хусусан, пневмония, сил ёки турли инфекциялар билан мурожаат қилганда, ОИВ борлиги аниқланади.

– ОИВ инфекциясига чалинганлар ҳам соғлом одам каби умр кўриши, ҳаётдан завқланиб яшаши мумкин, – дейди Республика ОИТСга қарши кураш маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Нурмат Отабеков. – Бунинг учун бемор касалликнинг эрта босқичларида тиббий хизматга мурожаат қилиши, белгиланган муолажаларни ўз вақтида, шифокор назорати остида олиши зарур. Кўпчилик ОИВга чалинганлардан ўзини олиб қочишга уринади. Бунга сабаб уларнинг касаллик ҳақида етарлича билимга эга эмаслигидир. Ҳозир ОИВ инфекциясига лаборатория усулида ташхис қўйиш, аҳолини мазкур хасталикдан муҳофаза қилиш, унга қарши курашиш ва даволаш тадбирларини олиб боришда ривожланган давлатлар тажрибаси ўрганилмоқда.

Мамлакатимизда аҳолининг кенг қатлами, жумладан, ёшлар, ОИВ инфекциясини юқтириб олишга мойил гуруҳлар орасида профилактика тадбирлари изчиллик билан олиб борилмоқда. ОИВга қарши курашишнинг ягона тизими яратилгани инфекция тарқалишининг олдини олиш, аҳолининг касаллик борасидаги билимларини оширишда ўз самараларини бермоқда.

Республика ОИТСга қарши кураш маркази ва унинг ҳудудий тузилмалари, диагностика лабораториялари, 400 дан зиёд ишонч хонаси ва маслаҳат хоналари фаолият кўрсатаётир. Оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларида аҳолининг ОИТС борасидаги билимини ошириш, чет элларда бўлган фуқаролар, уларнинг оила аъзолари ўртасида тушунтириш тадбирлари мунтазам ўтказилмоқда.

ОИВ инфекцияли беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Республика ОИТСга қарши курашиш маркази қошида 60 ўринли махсус шифохона фаолият кўрсатмоқда. Шифохонада врачлар ва ўрта махсус тиббий маълумотли ходимларнинг ОИВ инфекциясига ташхис қўйиш ва беморларга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича малакасини ошириш мақсадида ўқув-услубий марказ ташкил этилган.

Соҳада фаолият юритаётган мутахассисларнинг тажриба ва маҳорати оширилиши баробарида тармоққа янги диагностика ва даволаш услублари татбиқ этилиб, қон хизмати хавфсизлигини таъминлаш бўйича кенг қамровли ишлар бажарилмоқда.

Президентимизнинг 2008 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида ОИВ касаллигининг тарқалишига қарши курашнинг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан ушбу касалликка қарши кураш марказлари, диагностика лабораторияларининг моддий-техник базаси янада мустаҳкамланди.

Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 23 сентябрда қабул қилинган "Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида"ги қонуни бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилаётир. Мазкур ҳужжатга мувофиқ ОИВ инфекцияли шахсларнинг ижтимоий муҳофазаси мустаҳкамланди, уларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати яхшиланди, эпидемияга қарши курашиш тадбирлари самарадорлиги ошди.

Мазкур қонун ижросини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 сентябрдаги “2014-2016 йилларда Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш соҳасидаги Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Эндиликда ОИВ инфекциясига чалинган бемор болаларга ойлик нафақа белгиланди. Ҳозирги кунда 18 ёшга тўлмаган барча ОИВ инфекцияли болалар касаллик босқичидан қатъи назар, ногиронлик нафақасини олади.

Қон ва унинг препаратлари орқали юқувчи касалликларнинг олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасида гемоконтакт инфекцияларни олдини олишни янада такомиллаштириш бўйича 2016-2017 йилларга мўжалланган комплекс чора-тадбирлар режаси" қабул қилинган.

Ҳозир ОИВ инфекциясини эрта аниқлаш, даволаш ва парвариш қилиш, уларга ижтимоий кўмак беришга қаратилган лойиҳа ҳаётга татбиқ этилмоқда. 2013 йилда ОИВ инфекцияли шахсларга хизмат кўрсатувчи даволаш профилактика муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида диагностикум, дори воситалари ва техник анжомлар харид қилишга 10,8 миллион доллар маблағ сарфланган. Касалликнинг қон орқали тарқалишининг олдини олиш учун Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятларидаги даволаш-профилактика муассасаларига 21 турдаги зарур тиббий анжомлар харид қилинган.

ОИВ инфекциясининг онадан болага юқишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Агар ҳомиладор аёлда ОИВ аниқланса, у дарҳол тиббий назоратга олинади ва касалликнинг онадан болага ўтиши бартараф этилади.

Мамлакатимизда ОИВ инфекциясини юқтирган шахсларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, касаллик тарқалишини чегаралаш мақсадида беморларни махсус даволаш усули – антиретровирус даволаш усули йўлга қўйилган. Ҳозирга келиб, беморларнинг 85 фоизи мазкур даволаш курсидан фойдаланаётир.

Кейинги йилларда аҳолининг касаллик бўйича хабардорлигини ошириш, тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар кўлами кенгайди. Аҳоли орасида амалга оширилган профилактик тадбирлар самарасида ихтиёрий текширувлар сони кескин ошган.

Минглаб кишиларнинг ҳаётига зомин бўлаётган, кўплаб оилаларнинг фаровонлигию тинчлигига рахна солаётган ОИТС касаллигидан халқимизни, хусусан, ёшларни ҳимоя қилиш, уларнинг тиббий маданиятини ошириш ҳамда маънавий баркамолликка етаклаш долзарб вазифадир. Зеро, соғлом турмуш тарзига амал қилиш, тўғри ва ҳалол яшаш касаллик тарқалишининг олдини олишда асосий омилдир.

Азима Қиёсова, ЎзА

Источник: uza.uz