ОИТСга қарши курашиш тизимининг 25 йиллигига бағишланган анжуман очилди
2015 йилнинг 1 декабр куни International Hotel Tashkent меҳмонхонасида “ОИВ инфекциясининг ҳозирги замон диагностикаси, олдини олиш ва даволаш масалалари” мавзусида ОИТСга қарши курашиш тизимининг 25 йиллигига бағишланган илмий-амалий анжуманнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Республика ОИТСга қарши кураш маркази директори Н.С.Атабеков, БМТнинг мамалакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари С.Приснер ва бошқалар таъкидлаганидек, бутун дунёда ҳар йили 1 декабр Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни сифатида нишонланади. Бундан асосий мақсад кенг жамоатчилик эътиборини ОИВ ва ОИТС муаммосига қаратиш, касалликнинг олдини олиш борасидаги тадбирларга уларни жалб этишдир.
Республикамизда бу йил ушбу сана ОИТСга қарши курашиш тизимининг 25 йиллигига бағишланган илмий-амалий анжуман ўтказилиши билан нишонланади. Шу муносабат билан ЮНЭЙДСнинг регионал директори Виней Салдананинг видеомурожаат-табриги намойиш этилди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Республика ОИТСга қарши кураш маркази томонидан ташкил этилган мазкур анжуманда даволаш-профилактика муассасалари, ихтисослаштирилган марказлар, илмий-текшириш институтлари ва олий ўқув юртларида фаолият юритаётган мутахассислар, ёш олимлар, аспирантлар ва магистрлар, республика ва ҳудудий ОИТСга қарши кураш марказлари ходимлари, хорижлик меҳмонлар, халқаро консультантлар ва экспертлардан иборат 200 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашмоқда.
Анжумандан кўзланган асосий мақсад ОИВ инфекциясининг келиб чиқиш, ривожланиш ва тарқалиш сабаблари, шунингдек, ОИВ инфекциясини ташхислаш, олдини олиш ва даволашда замонавий усуллар бўйича тажриба алмашиш ҳисобланади.
– Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми жаҳон ҳамжамиятини қаттиқ ташвишлантираётган масалалардан бири бўлиб қолмоқда, – дейди Тошкент шаҳри ОИТСга қарши курашиш маркази бош шифокори Венера Баротова. – Ушбу сурункали хасталикнинг олдини олиш борасида республикамизда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Соҳага оид барча муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш масаласи ҳам босқичма-босқич такомиллаштирилмоқда. ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш соҳасида барқарор тизимни ташкил этишда "Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳим ҳуқуқий асос бўлди.
Республикада ОИТСга қарши курашиш тизими чорак асрлик фаолиятида барча йўналишларда катта ютуқларга эришди. Ушбу соҳа тиббий-профилактик ва ижтимоий-ҳуқуқий эҳтиёжларга мос равишда турғун ва оқилона тузилган ҳуқуқий асосга эга. Мамлакатимизда ОИВ инфекцияси ва унга ёндош касалликлар ташхиси дунё талабларига мос даражада бўлиб, йилига 2,5 миллиондан ортиқ шахс ОИВга текширилмоқда. ОИВ аниқланган барча шахслар учун дунёда тан олинган даволаш усули – ретровирусга қарши даволаниш имконияти яратилган. Республикамизда турли ижтимоий, ёш қатламларига йўналтирилган профилактик дастурлар татбиқ этилиб, самарали амалга оширилаётгани алоҳида эътирофга лойиқ.
– Марказимизда ОИВ инфекциясига лаборатория усулида ташхис қўйиш, аҳолини ОИВ/ОИТС касаллигидан муҳофаза қилиш, унга қарши курашиш ва даволаш тадбирларини олиб боришда доимий равишда ривожланган давлатлар тажрибаси ўрганиб борилмоқда, – дейди Тошкент шаҳри ОИТСга қарши курашиш маркази лаборатория мажмуаси бўлими мудири Хасомиддин Ибрагимов. – Аҳолини ОИВ инфекцияси текширувларига жалб қилиш мақсадида тушунтириш ва тарғибот ишлари кучайтирилди. Натижада 2009 йилга нисбатан 2015 йилда ОИВ инфекциясига текширилганлар сони 3 баробарга ошди ва касалликнинг аниқланиш фоизи 2 мартага камайди.
Илмий-амалий анжуман дастуридан ўрин олинган асосий маърузалар тинглаб бўлингач, тадбир ОИВ инфекцияси эпидемиологияси ва профилактикаси, ОИВ инфекциясининг ҳозирги замон диагностикаси ва даволаш усуллари, ОИВ инфекцияси профилактикаси ва тиббий, руҳий-ижтимоий дастурларни амалга оширишда ННТ роли каби долзарб мавзуларда секцияларда давом этди.
Анжуман 2 декабр куни ОИВ инфекцияси профилактикаси ва эпидемиологияси, ОИВ инфекциясини ҳозирги замон диагностикаси ва даволаш усуллари, Болаларда ОИВ инфекцияси ва оппортунистик касалликлар мавзуларига бағишланган секцияларда давом этади.
Анжуман якунида ОИВ инфекцияси билан касалланишнинг олдини олиш, касалликни эрта аниқлаш ва унинг кенг тарқалишига қарши тадбирларни ўз вақтида ташкил этиш, ОИВ инфекцияси билан касалланган шахсларни даволаш самараси ва сифатини ошириш орқали беморлар умрини узайтириш, уларнинг меҳнат қобилиятини сақлаб қолиш, касалликни бошқаларга юқтириш хавфини камайтириш бўйича янги йўл ва усуллар ишлаб чиқилиши кутилмоқда.
UzMedInfo маркази
Aхборот хизмати