Кам инвазивли ва эндовизуал гинекологик жарроҳлик ўқув маркази очилди
2015 йилнинг 28 ноябр куни Республика перинатал марказида «Эндовизуал гинекология ва неонатал жарроҳлик» ўқув марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Марказ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ҳамкорлигида “Замонавий юқори технологик тиббий ускуналарда ишлаш учун тиббий ва техник ходимлар малакасини ошириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Л.Тўйчиев, Германиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Н.Хёфер-Виссинг, Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Т.Брецина ва бошқалар Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда асосий эътибор аҳолининг репродуктив саломатлиги, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилаётганини алоҳида таъкидлади.
Тадбирда Тошкент тиббиёт академияси, Республика тез тиббий ёрдам илмий маркази, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази вакиллари, шунингдек, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасидан етакчи гинекологлар, халқаро ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Ўқув марказ битта катта ва битта кичик залдан иборат. Катта зал ҳам назарий, ҳам амалий машғулотлар олиб боришга мўлжалланган. Зал иккита симуляцион иш станциялари, зарур оргтехника воситалари ва жиҳозлар билан таъминланган.
Ўқув марказ очилиши билан олий ўқув юртидаги касбий таълимдан кейинги асосий дастурнинг амалга оширилиши ва вилоят, шаҳар эндохирургларини дипломдан кейинги тайёргарлик таълими дастурига старт берилди.
Мазкур марказ ўқитувчиларига Германия, Россия ва Франциянинг етакчи мутахассислари томонидан консультация берилади. Бундан ташқари, тренерлар Германия университетларида ва Европа давлатларидаги ўқув марказларда таълим олишади.
– Мазкур лойиҳа 2012-2014 йилларда Республика ихтисослаштирилган тез тиббий ёрдам илмий марказида ташкил этилган биринчи ўқув марказ лойиҳасининг давоми ҳисобланади, – дейди “Тиббиётда илғор технологиялардан фойдаланиш” лойиҳаси раҳбари Гуннар Штроте. – Ўзбекистонда она ва бола саломатлигига қаратилаётган эътиборга катта ҳурмат билан қараймиз. Янги лойиҳа тиббиёт ходимларининг илғор технологиялардан, хусусан, каминвазивли жарроҳлик усулларидан фойдаланиш соҳасидаги малакасини оширишга мўлжалланган.
– Ушбу марказнинг очилиши Ўзбекистонда тиббиёт ривожидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади, – дейди Республика перинатал маркази акушер-гинекологи Фурқат Собиров. – Тиббиётда каминвазивли жарроҳлик усулларини жорий қилиш ва улардан фойдаланиш жарроҳлик аралашувининг, операциядан кейинги асоратларнинг ва шифохонада қолиш муддатининг камайишига қаратилган. Шундай экан, мутахассисларни замонавий тиббий техникалардан фойдаланиш ва уларни бошқариш соҳасидаги барча аспектларда ўқитиш ва тайёрлаш, албатта, беморлар саломатлигига ижобий таъсир қилади.
Марказ очилиши доирасида “Оператив гинекологияда лапараскопия ва гистероскопия” мавзусида мастер-класс ўтказилди. Уни ўтказиш учун Москва вилоят Акушерлик ва гинекология илмий-тадқиқот институти етакчи илмий ходими, эндоскопик хирургия бўлими мудири, «KARL STORZ» референс-клиникаси раҳбари профессор А.А.Попов таклиф этилди.
UzMedInfo маркази
Aхборот хизмати