Навбатдаги Ҳайъат йиғилиши ўтказилди
Жорий йилнинг 27 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ҳайъатининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда мамлакатимиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги ҳудудий органлар, таълим ва даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари иштирок этди.
Ҳайъат йиғилиши соғлиқни сақлаш вазири А.В.Алимов раислигида ўтказилди.
Ҳайъат йиғилиши очиқ деб эълон қилингач, кун тартибига киритилган қатор масалалар хусусида маърузалар тингланди. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан Соғлиқни сақлаш тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида ўтказилган текширишларда аниқланган камчиликлар ва уларни бартараф этиш чора-тадбирлар ҳақида Ҳисоб палатасининг масъул вакили маъруза қилди. Қўшимча равишда Молиялаштириш ва истиқболни аниқлаш бош бошқармаси бошлиғи Б.О.Хошимовнинг маълумоти тингланди.
Шундан сўнг, Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Д.Р.Ҳасанова Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг “Қонунбузулиши, унинг келиб чикиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида”ги тақдимномаси мавзусида чиқиш қилди.
“Шаҳарларда аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ташкиллаштириш ҳолати” таҳлили Ҳайъат йиғилишининг кейинги масаласи бўлиб, бу бўйича Даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бош бошқармаси бош мутахассиси Б.Т.Одилова маъруза қилди.
Кун тартибининг кейинги масаласи, яъни Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 мартдаги “Тиббий фаолиятни лицензиялаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 92-сонли қарори ижроси тўғрисида Лицензия бериш ва нодавлат муассасалар томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифатини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи в.б. Ф.А.Раҳимқулов маърузаси тингланди.
Шундан сўнг, Ҳайъат йиғилиши иштирокчиларига Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасининг “2015 йилда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасини ўтказиш ва ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижроси бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш Бош бошқармаси бошлиғи Х.К.Жалилов маълумот берди.
Асосий масалалар юзасидан маърузалар тинглаб бўлингач, қўшимча масалалар муҳокамасига ўтилди.
Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2012 йил 12 июлдаги 202-сонли ва 2015 йил 13 ноябрдаги 445-сонли “Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари врачларининг малака ошириш ва ихтисослаштиришдан ўтиши тартиби ҳақида”ги буйруғи юзасидан Фан ва ўқув юртлари Бош бошқармаси бошлиғи Ў.С.Исмаилов, “Гемодиализ” хизматининг ҳолати ҳақида соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.А.Худаяров, 2015 йил Инвестиция дастурининг бажарилиши ва 2016 йилдаги режалар ҳақида Тиббиёт муассасаларидан комплекс фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Б.Т.Эргашев ва ВССБ бошлиқларининг умумий масалалар бўйича ўринбосарлари маъруза қилди.
Шунингдек, Вазирлик тизимидаги даволаш профилактика муассасаларининг 2015-2016 йиллар куз-қиш мавсумга тайёргарлик ишлари тўғисида вазирликнинг Комплекс фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Д.Ф.Нурмуҳаммедов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 21 апрелдаги 95-сонли “Марказий туман (шаҳар) шифохоналарининг койкалар фондини аниқлашнинг норматив методига босқичма-босқич ўтиш тўғрисида”ги қарори ҳақида Тошкент, Бухоро ва Самарканд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларининг 2010-2015 йилларда тиббий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан таъминланиши, уларнинг самарали фойдаланиши ва сақланишиши ҳақида Д.Ачилов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида 2015-2017 йилларда гемоконтакт инфекцияларга қарши профилактик тадбирларни такомиллаштириш тўғрисида”ги 2015 йил 29 октябрдаги комплекс чора-тадбирлар режаси ижросини таъминлаш бўйича Республика ОИТСга қарши кураш маркази директори Н.С.Отабеков маълумот берди.
Кун тартибидан ўрин олган асосий ва қўшимча масалалар бўйича маърузалар тинглаб бўлингач, мазкур масалалар юзасидан вазирлик Ҳайъатининг тегишли қарорлари қабул қилинди ва раҳбарларга топшириқлар берилди.
UzMedInfo маркази
Aхборот хизмати