UZ RU
26.11.2015

Ўзбекистон аллергологларининг VII илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди

2015 йилнинг 26 ноябр куни «Пойтахт» бизнес марказида аллергик касалликларни ташхислаш, даволаш ва профилактикасининг долзарб муаммоларига бағишланган Ўзбекистон аллергологларининг VII илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Республика ихтисослаштирилган аллергология илмий маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.

1.JPG  2.JPG

Анжуман ялпи мажлисининг очилишида таъкидланганидек, мамалакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида аллергик касалликлар профилактикаси, ихтисослашган тиббиётни ривожлантириш соҳаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ялпи мажлисдан сўнг форум Ўзбекистон олимлари, Европа ва Осиё давлатларидан ташриф буюрган мутахассислар иштирокида “Бронхиал астма диагностикаси ва давосига замонавий ёндашув”, “Аллергодерматозларнинг долзарб муаммолари”, “Аллергик ринит ва астма касалликларини ташхислаш ва даволашда замонавий ёндашув” каби долзарб мавзуларда секцияларда давом этди.

Анжуман доирасида “Ўзбекистонда аллергологик хизматни такомиллаштириш. Жамоат ташкилотини тузиш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

3.JPG  4.JPG

– Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида, хусусан, аллергология йўналишида кенг миқёсли туб ислоҳотлар олиб борилмоқда ва катта ютуқларга эришилмоқда, – дейди Республика ихтисослаштирилган аллергология илмий маркази аллерголог шифокори Қутбиддин Низамов. – Аллергик касалликларни ташхислаш ва даволаш соҳасидаги замонавий ютуқлар билан танишиш, маълумот алмашиш ва амалиётдаги шифокорларнинг илмий ходимлар билан яқиндан мулоқоти республикамизда аллергологияни ривожлантиради, дея ишонч билан айтишим мумкин.

Конгресс дастури лекциялар, илмий симпозиумлар ва кўргазмали маърузаларни ўз ичига олган.

Форум доирасида замонавий дори воситалари, вакциналар, лаборатор ва диагностик ускуналар, тест-тизимлар, янги инновацион технологиялар кўргазмаси ташкил этилди.

Тадбир якунида маърузалар муҳокамаси ўтказилди, иштирокчилар сертификатлар билан тақдирланди ҳамда илмий-амалий анжуман резолюцияси қабул қилинди.

UzMedInfo маркази 

Aхборот хизмати