UZ RU
26.11.2015

Тиббий ёрдамни такомиллаштиришга бағишланган илмий-амалий анжуман очилди

Шу йилнинг 26 ноябр куни «Grand Mir Hotel» меҳмонхонасида “Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида тиббий хизмат сифатини ошириш” мавзусида республика илмий-амалий анжуманнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Анжуманни Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Худаяров очиб, бугунги анжумандан кўзланган мақсад мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида амалга оширилган ишларни муҳокама қилиш ва истиқболдаги режаларни белгилаш эканини алоҳида қайд этди.

1.JPG  2.JPG

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон банкининг “Саломатлик-3” лойиҳаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси вакиллари, тиббиёт институтлари ректорлари ва ўқитувчилари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари ва туман тиббиёт бирлашмалари вакиллари ва бошлиқлари, ҳар бир ҳудуддаги ҚВПларнинг умумий амалиёт врачлари ва ҳамширалари, Ўзбекистондаги умумий амалиёт врачлари ҳамда ҳамширалар ассоциацияси вакиллари иштирок этди.

Анжуманда, шунингдек, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги вакиллари, ЖССТ, ЮНФПА, ЮНИСЕФ ва СДС каби халқаро ташкилотлар раҳбар ва вакиллари ҳам иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 29 майдаги “Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокидаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, (Саломатлик-3)” лойиҳасини амалга оширишга оид қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2182-сонли ҳамда 2011 йил 7 сентябрдаги “Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокидаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, (Саломатлик-3)” ПҚ-1614-сонли қарорлари асосида Ўзбекистон Республикасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда, бу эса бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг аҳамияти ҳамда умумий амалиёт врачи нуфузини янада ошишига имкон яратмоқда.

3.JPG  4.JPG

Сифатли тиббий ёрдамни кўрсатиш учун тиббиёт муассасаларни яратиш ва уларни замонавий диагностик асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш лозим. Республикамизнинг қишлоқ ҳудудларидаги аҳолига бирламчи тиббий санитария ёрдами янги ташкил этилган ва замонавий жиҳозланган 2995та қишлоқ врачлик пунктларида малакали тиббиёт ходимлари томонидан кўрсатилмоқда. Шунингдек, шаҳарларда ҳам 173 та оилавий поликлиникалар ташкил этилган бўлиб, улар ҳам умумий амалиёт шифокори модели асосида иш олиб бормоқда. Ҳозирги кунда ушбу тиббиёт муассасалари ҳам замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланмоқда.

“Саломатлик-3” лойиҳасини амалга ошириш доирасида туман ва шаҳарлардаги марказий кўп тармоқли поликлиникаларда, туман марказий касалхоналарда капитал таъмирлаш ва қурилиш ишлари олиб борилмоқда ва бу муассасалар ҳам замонавий диагностик асбоб-ускуналар билан таъминланиши режалаштирилган.

– Ҳозирги кунда Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасаларини такомиллаштириш билан бирга, малакали врачлар ҳамда ҳамширалар тайёрлашга ҳам катта аҳамият қаратилмоқда, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Даволаш-профилактика ёрдамини ташкил қилиш бош бошқармаси мутахассиси Барно Одилова. – Хусусан, “Саломатлик-3” лойиҳаси доирасида 10 ойлик умумий амалиёт врачларини қайта тайёрлаш курсларида қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар ва кўптармоқли поликлиникаларнинг ҳудуд терапевтлари ва педиатрлари ўқитилади. Бу эса келажакда бирламчи тиббий хизмат сифатининг ошишига хизмат қилади.

5.JPG  6.JPG

Сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида туман ва шаҳарлардаги марказий кўп тармоқли поликлиникалар ҳамда туман марказий касалхоналаридаги мутахассислар учун далилларга асосланган клиник протоколлар (22та) ишлаб чиқилди. Ушбу клиник протоколларни татбиқ этиш учун туман ва шаҳар марказий касалхоналаридаги терапия бўлими врачлари ўқитилади. Туман марказий касалхоналарининг педиатрия бўлими врачлари учун “Болаларга стационар ёрдамини кўрсатиш” мавзусида семинарлар олиб борилмоқда. Ушбу муассаса ҳамширалари учун “Бемор болаларни парвариш қилиш асослари” ва терапия бўлимидаги ҳамширалар учун “Ҳамширалик парвариши бўйича клиник протоколлар” бўйича ўқитишлар режалаштирилган.

Ўзбекистонда юқумсиз касалликлари профилактикаси дастурлари амалиётга киритилмоқда ва пилот сифатида 2та вилоятнинг (Қашқадарё ва Фарғона) бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш муассасалари фаолиятида ЖССТнинг РЕП протоколлари татбиқ этилмоқда.

7.JPG  8.JPG

Анжуман “Клиник протоколлар асосида туман тиббиёт бирлашмаларида кўрсатиладиган тиббий ёрдамни стандартлаштириш”, “Ўзбекистонда беморларга интегрирлашган парваришни татбиқ этиш имкониятлари”, “Бирламчи тиббий санитария тизимида патронаж ҳамширалар ишини ташкил этиш” каби мавзуларда секцияларда давом этди.

27 ноябр куни анжуман иши якунланади ва илмий-амалий анжуман резолюцияси қабул қилинади.

UzMedInfo маркази 

Aхборот хизмати