UZ RU
26.11.2015

Тошкентда грипп бўйича иккинчи йиллик йиғилиш бўлиб ўтди

2015 йилнинг 25 ноябр куни Тошкентда грипп бўйича “Гриппга пандемик тайёргарлик механизми”ни жорий этиш доирасида иккинчи йиллик йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбир иштирокчилари томонидан алоҳида таъкидланганидек, соғлиқни сақлаш соҳасида ўтказилаётган туб ислоҳотлар тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, халқимиз саломатлиги ва фаровонлигини таъминлаш бўйича юксак натижалар бермоқда.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари ходимлари, даволаш-профилактика муассасалари назорат бўлимлари раҳбарлари, Республика тез тиббий ёрдам илмий маркази ва Тошкент врачлар малакасини ошириш институти мутахассислари иштирок этди.

Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси ҳудудида грипп бўйича эпидемиологик назорат самарадорлигини ошириш ва мамлакатимиз кадрлари салоҳиятини юксалтириш ҳисобланади.

Тадбир давомида Ўзбекистонда грипп устидан дозорли эпидемиологик ва вирусологик назорат, гриппнинг оғир турлари, шу жумладан, пневмония, ўткир респиратор дистресс-синдром, оғир сепсис ва септик шок билан оғриган беморлар учун кўрсатмалар, шунингдек, яна пайдо бўлаётган БВРС-КоВ касаллик қўзғатувчилари ва парранда гриппи каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.

UzMedInfo маркази

Aхборот хизмати