UZ RU
25.11.2015

Гемофилия билан оғриган беморларга биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича семинар бошланди

Шу йилнинг 26 ноябр куни Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтида «Гемофилия касаллигининг давоси ва асоратларида биринчи ёрдам кўрсатиш, гемостатик препаратларнинг қўлланилиши» мавзусида икки кунлик ўқув-амалий курс ўз ишини бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Бутунжаҳон гемофилия федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилаётган тадбирда Россия, Қозоғистон каби хориж давлатларидан гематология йўналишига ихтисослашган тажрибали ҳамширалар иштирок этишмоқда.

Мазкур ўқув-амалий курс вилоят даволаш-профилактика муассасаларида гемофилия билан оғриган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиб келаётган ҳамшираларга сон, тизза, тирсак бўғимларига ва қорин бўшлиғига қон қуйилишида биринчи тез тиббий хизмат кўрсатиш ва беморларни парваришлаш, қон тўхтатувчи препаратларни юбориш техникаси бўйича малакасини ошириш мақсадида ўтказилмоқда.

– Наслдан-наслга ўтувчи гемофилия касаллигида биринчи тиббий ёрдамни кўрсатиш ҳамширадан юқори малака талаб қилади, шу боис, мазкур ўқув-амалий курс гематология бўлимларида фаолият юритаётган ҳамширалар учун ташкил этилди, – дейди Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтининг илмий ишлар бўйича директор ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Азиза Маҳмудова. – Ҳозирда республикамиз бўйича 1500 нафар гемофилия касаллиги билан оғриган бемор назоратга олинган. Касаллик ўғил болаларда намоён бўлишини, аёллар эса фақат ташувчи эканлигини ҳисобга олиб, биз беморларнинг яқин қариндошларини ва туғилаётган фарзандларини ҳам чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказиб келмоқдамиз.

Ўқув-амалий курсда гемофилия касаллиги хақида тушунча, диагностика ва даволаш усуллари, беморларга биринчи ёрдам кўрсатиш, оғир ҳолатдаги беморларни парваришлаш, қон препаратларини ишлатиш ва VIII/IX факторларни қўллаш усуллари каби мавзуларда маърузалар ва амалий дарслар ўтказилмоқда.

Семинар 27 ноябр куни якунланади.

UzMedInfo маркази 

Aхборот хизмати