Педиатрия бўйича халқаро анжуманнинг очилиши бўлиб ўтди
2015 йилнинг 24 ноябр куни Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида «Болаларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишнинг ютуқлари ва истиқболлари (ўзбек модели)» мавзусидаги халқаро анжуманнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва Ўзбекистон педиатрлар ассоциацияси томонидан ташкил этилди.
Анжуманнинг пленар йиғилиши очилишида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири А.Алимов баркамол авлодни тарбиялаш, одамларни ҳар томонлама муҳофаза қилиш, оилада саломатлик маданиятини ривожлантириш, шунингдек, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш Ўзбекистон ижтимоий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини қайд этиб ўтди.
Анжуманда 300 нафар делегатлар – соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарлари, олимлар, амалиётдаги шифокорлар – педиатр, жарроҳ ва соғлиқни сақлашнинг барча босқичларидаги мутахассислар, Германия, АҚШ, Ҳиндистон, Италия, Словакия, Россия, Украина, Қозоғистон ва Тожикистондан, шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНИСЕФ, БМТ, ЮНФПА, KfW банки (ФРГ) ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) дан 40 га яқин чет эл делегатлари иштирок этмоқда.
Анжуман доирасида халқаро экспертлар ва соғлиқни сақлаш ва педиатрия соҳасида дунё миқёсида эътироф этиб келинаётган олимлар иштирокида пленар ва секцион йиғилишлар, сателлит анжуманлар ва мастер-класслар бўлиб ўтади.
Панел сессияда «Болаларга тиббий ёрдам кўрсатишда ютуқ ва истиқболлар» мавзусида давлатлар презентациялари бўйича тақдимотлар қилинди. Сессияда Ўзбекистон ва бошқа давлатларда болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича қўлга киритилган ютуқлар ва истиқбол режалар муҳокама этилди.
Анжуман иши «Болалар хирургиясининг долзарб муаммолари ва устувор йўналишлари» мавзусида секцияларда давом этди. Маърузаларда асосий эътибор болаларда кўкрак қафаси деформациясида билиар атрезия, болаларда каминвазивли жарроҳлик, неонатал жарроҳликда эндоскопиянинг замонавий имкониятлари, жигар эхинококкозида лапароскопик аралашувнинг ўзига хосликлари ва болаларда қовуқ-сийдик йўли рефлюксини эндоскопик даволаш йўналишларига қаратилди.
Анжуман дастури доирасида «Неонатологияда ташхисга замонавий ёндошув» ва «Жигарга боғлиқ бўлмаган портал гипертензияда мезопортал анастомоз» мавзусида операциялар билан мастер-класслар ўтказилди. Мастер-класслардаги операцияларни АҚШ, Россия ва Ўзбекистоннинг бош жарроҳлари олиб боришди.
– Педиатрия соҳасида мамлакатингизда қўлга киритилган ютуқлар мени ҳайратга солди, – дейди Чикагодаги «Northwestern» болалар шифохонасининг жигар, ичак ва ингичка ичак трансплантологияси бўлими бошлиғи профессор Рикардо Суперина (АҚШ). – Биз ўзбекистонлик жарроҳлар билан бирга жигардан ташқарида портал гипертензия ташхиси қўйилган икки нафар бемор болада жарроҳлик амалиётини ўтказдик. Келгусидаги ҳамкорлигимиз янада унумли ва самарали бўлади, деб умид қиламан.
– Ҳозирги вақтда республикамизда болаларга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Д.Аҳмедова. – Хориж давлатларидаги илғор технологияларни кенг жорий этиш, тиббиёт ходимларининг касбий маҳоратини оширишга катта эътибор қаратиш болалар саломатлигини муҳофазалаш соҳасидаги хизматларимиз самарадорлигини таъминлайди.
Анжуманнинг биринчи кунида иштирокчилар Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофазалаш соҳасида қўлга киритилган ютуқлар билан танишди.
Анжуман ўз ишини Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида 2015 йилнинг 25 ноябрига қадар давом эттиради.
Анжуман очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов иштирок этди.
UzMedInfo маркази
Aхборот хизмати