UZ RU
25.11.2015

Ҳамширалик иши такомиллаштирилмоқда

Жорий йилнинг 25 ноябр куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Ўзбекистонда ҳамширалик иши: бу борада тўпланган тажриба ва истиқболдаги вазифалар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

1.JPG

Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари, республика ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлар малакасини ошириш ва ихтисослаштириш маркази ходимлари, мамлакатимиз даволаш-профилактика муассасалари тиббий ходимлари, тиббиёт олий ўқув юртлари қошидаги олий ҳамширалик факультетининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.Алимов очиб берди. Кириш сўзида таъкидланганидек, мамлакатимизда жамиятнинг барча соҳалари сингари соғлиқни сақлаш тизимини, хусусан, биринчи тиббий ёрдамни тубдан ислоҳ қилишга катта эътибор қаратилмоқда.

2.JPG

Айни пайтда юртимиз тиббиёт муассасаларида 320 минг нафарга яқин ҳамшира фаолият юритмоқда. Ҳозирги кунга қадар Тошкент тиббиёт академияси ва бошқа тиббиёт олий ўқув юртларининг “Олий ҳамширалик иши” бўлимларида анестезиология ва реанимация, хирургия, акушерлик ва менежмент йўналишлари бўйича уч минг нафардан зиёд олий маълумотли бакалавр ҳамширалар тайёрланди, 80 нафарга яқин талаба эса магистрлик даражасига эришди. Улар даволаш-профилактика муассасаларида бош, катта ва етакчи ҳамшира, тиббиёт институти ҳамда коллежларида ўқитувчи лавозимларида ишламоқда.

2Ф.JPG

Ёшларни таълим олган йўналиши бўйича бандлигини таъминлаш мақсадида “устоз-шогирд”, “коллеж-корхона” анъаналари жорий этилган. Бунда талабалар тажрибали ҳамшираларга бириктирилади ва бунинг натижасида улар ўз билим ва имкониятларига ишонган ҳолда қўрқув ва хавотирларсиз иш бошлашади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 5 мартда қабул қилинган «Қишлоқ врачлик пунктларини янада мақбуллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, ҚВПларда патронаж ҳамшираларнинг ишини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилди. Бу, албатта, соҳа ходимларининг меҳнати самарадорлигини ошириш, ҳамширалик ишини янада ривожлантириш, тиббий хизматни такомиллаштириш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.

3.JPG

Ўтган йили турли ҳудудлардаги бешта туманнинг 96 та қишлоқ врачлик пунктида ҳамширалар ишини рейтинг баҳолаш тизими синовдан ўтказилиб, кўпгина ижобий хулосалар олинди. Ва бу ишлар яна 18 та туманда давом эттирилмоқда.

4.JPG

Ўрта тиббиёт ходимларининг билимини ошириш, кўникма ва малакасини юксалтиришда Республика ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлар малакасини ошириш ва ихтисослаштириш маркази муҳим ўрин тутмоқда. Олий маълумотли ҳамширалар ва ўрта бўғин маъмурий ходимларининг малакасини оширишда эса Тошкент врачлар малакасини ошириш институтидаги махсус курс имкониятлари қўл келмоқда.

– Ҳамширалар малакасини ошириш соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилишда устувор йўналишлардан бири ҳисобланади, – дейди Тошкент педиатрия тиббиёт институти олий ҳамширалик иши факултети декани Шахноза Муҳаммедова. – Ўтказилаётган бугунги тадбир маҳорат мактаблари, масофавий таълим ва замонавий ахборот технологияларини амалиётга татбиқ қилиш йўли билан ҳамширалар малакасини оширишда янги тенденциялар, янгича йўл ва усулларни ишлаб чиқиш имконини беради.

6.JPG

Матбуот анжумани давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

UzMedInfo маркази 

Aхборот хизмати