UZ RU
25.11.2015

Гемофилия билан оғриган беморларга биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича семинар

2015 йилнинг 26-27 ноябр кунлари Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтида «Гемофилия касаллигининг давоси ва асоратларида биринчи ёрдам кўрсатиш, гемостатик препаратларнинг қўлланилиши» мавзусида икки кунлик ўқув-амалий курс ўтказилади.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Бутунжаҳон гемофилия федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Мазкур ўқув-амалий курс вилоят даволаш-профилактика муассасаларида гемофилия билан оғриган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиб келаётган ҳамшираларга сон, тизза, тирсак бўғимларига ва қорин бўшлиғига қон қуйилишида биринчи тез тиббий хизмат кўрсатиш ва беморларни парваришлаш, қон тўхтатувчи препаратларни юбориш техникаси бўйича малакасини ошириш мақсадида ўтказилмоқда.

Ўқув-амалий курсда гемофилия касаллиги хақида тушунча, диагностика ва даволаш усуллари, беморларга биринчи ёрдам кўрсатиш, оғир ҳолатдаги беморларни парваришлаш, қон препаратларини ишлатиш ва VIII/IX факторларни қўллаш усуллари каби мавзуларда маърузалар ва амалий дарслар ўтказилади.

UzMedInfo маркази 

Aхборот хизмати