Тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик
2015 йилнинг 23 ноябр куни «Grand Mir Hotel» меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан ҳамкорликдаги “Марказий Осиёда соғлиқни сақлаш” лойиҳасини амалга ошириш доирасида анжуман бўлиб ўтди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Л.Тўйчиев кириш сўзи билан очиб, бугунги анжуманни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад “Марказий Осиёда соғлиқни сақлаш” лойиҳаси бўйича амалий ишлар натижаси билан танишиш эканини қайд этди.
Шундан сўнг, “Марказий Осиёда соғлиқни сақлаш” ҳудудий лойиҳасининг директори Эви-Корнелия Грубер, Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Торстен Брецина якунига етган лойиҳа муваффақиятли амалга оширилганлигини алоҳида таъкидлаб, ташкил этилган дўстона муҳит ва самарали ҳамкорлик учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига алоҳида миннатдорчилик билдириб ўтди.
Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ходимлари, давлат ва жамоатчилик ташкилотлари вакиллари, илмий-тадқиқот институтлари ва республика илмий тиббиёт марказлари, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ва олий тиббий таълим муассасалари мутахассислари, шунингдек, ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, ЖССТ ва бошқа халқаро ташкилотлар ваколатхоналари ходимлари иштирок этишди.
– Ўзбекистонда тиббиёт Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига нисбатан яхши ривожланган, – дейди “Марказий Осиёда соғлиқни сақлаш” ҳудудий лойиҳасининг директори Эви-Корнелия Грубер. – Мамлакатингиз анестезиолог мутахассислари қўшни мамлакатлар шифокорларининг туғруқ жараёнида тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича малакасини оширишида яқиндан ёрдам беришди. Бунинг учун ўзбекистонлик анестезиологларга миннатдорчилик билдираман. Ўйлайманки, лойиҳамиз билан Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига кириб бора олдик.
– Мамлакатингизда соғлиқни сақлаш соҳаси ривожига ҳукумат миқёсида катта эътибор қаратилаётганига гувоҳ бўлдик, – дейди Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Торстен Брецина. – Айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилишда маҳаллалар ва Хотин-қизлар қўмитасининг ҳамкорлиги самарали йўлга қўйилгани бизни жуда қувонтирди.
GIZнинг минтақавий дастури якунланиши муносабати билан ташкил этилган мазкур анжуманда дастурнинг Ўзбекистонда амалга оширилиши якунлари ва натижаларнинг барқарорлиги масалаларига бағишланган маърузалар тингланди ва атрофлича муҳокама этилди.
UzMedInfo маркази
Aхборот хизмати