Микробга қарши резистентлик бўйича субминтақа семинари
2015 йил 23 ноябр куни Тошкентда Марказий Осиё республикалари учун озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги истиқболларига асосан микробга қарши резистентлик (МҚР) бўйича Тармоқлараро субминтақа семинари ўз ишини бошлади. Семинар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси томонидан ташкил этилмоқда.
Унда Марказий Осиё давлатлари ҳудудидаги соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва ветеринария тармоқлари мутахассислари иштирок этди.
Тадбир очилишида соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Давлат Бош санитар шифокори С.Саидалиев, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-тадқиқот институти директори А.Абдушукуров ва бошқалар озиқ-овқат маҳсулотлари билан боғлиқ касалликлар бутун жаҳон соғлиқни сақлаш тизими учун долзарб муаммо эканлигини таъкидлаб, тармоқлараро ва халқаро ҳамкорлик, шунингдек, ахборот алмашинуви ушбу муаммони ҳал қилишда фавқулодда муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этиб ўтди.
Семинардан кўзланган мақсад озиқ-овқат тановул қилиш билан боғлиқ касаллик чақирувчи патогенлар — Сальмонелл ва Кампилобактериялар орасидаги МҚР устидан интеграциялашган эпидемиологик назоратга асосий эътиборни қаратган ҳолда, озиқ-овқат хавфсизлиги нуқтаи назаридан Марказий Осиёда МҚР бўйича салоҳиятни оширишдан иборат.
Беш кунлик семинар давомида, Европанинг “барча сиёсатларда саломатлик” ёндашувига чақирувчи ва тармоқлараро ҳамкорликни ўрнатишга қаратилган “Саломатлик-2020” концепциясига мувофиқ, тармоқлараро ҳамкорлик ва ахборот алмашинувига алоҳида эътибор қаратилади.
– Ўзбекистон сўнгги йилларда ўзини микробга қарши препаратларга нисбатан чидамлилик дастурларини татбиқ этаётган фаол мамлакат сифатида намоён эта олди, шу сабабли ҳам бугунги семинар айнан Ўзбекистонда ташкил этилди, — дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюросининг озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги масалалари бўйича дастури менежери, доктор Хильде Крузе . – Ушбу семинар иштирокчиларга ўз билим даражаларини оширишга, шунингдек, ўз ўрнида кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатининг яхшиланишига олиб келувчи микробга қарши препаратларга нисбатан чидамлиликни аниқлаш бўйича янги технология ва методологияларни жорий этишга ёрдам беради.
Семинар ўз ишини 27 ноябрга қадар «Radisson Blu Tashkent» меҳмонхонасида давом эттиради.
UzMedInfo маркази
Aхборот хизмати