UZ RU
21.11.2015

Тошкентда радиология бўйича анжуман бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 20 ноябр куни «Radisson Blu Tashkent» меҳмонхонасида «Нур диагностикасида янги технологиялар» мавзусига бағишланган радиология бўйича илмий анжуман бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон радиологлар жамияти ва бошқа ҳамкорлар кўмагида ташкил этилди.

Ўзбекистон радиологлар жамияти раиси, тиббиёт фанлари доктори, профессор, Тошкент тиббиёт академияси онкология ва нур диагностикаси кафедраси мудири М.Ҳожибеков ўзининг кириш сўзида соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ёрқин натижаси сифатида мамлакатимизда тиббиётнинг барча йўналишлари сингари радиология соҳаси ҳам муваффақиятли ривожланаётганини алоҳида қайд этди.

Анжуманда компьютер томографияси соҳасидаги мамлакатимиз мутахассислари, олий тиббий таълим муассасаси ўқитувчилари ва талабалари, ёш тадқиқотчилар, шунингдек, И.М.Сеченов номидаги Биринчи Москва давлат тиббиёт университети вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида перфузион компьютер томографиянинг клиник қўлланилиши, юрак-қон томир патологиясини ташхислашда ҳажмли компьютер томография, оториноларингология ва офтальмологияда функционал компьютер томография имкониятлари, ҳажмли динамик компьютер томография имкониятлари, ташхислаш ва даволашда рентгенохирургик усуллардан замонавий аспектларда фойдаланиш, шунингдек, МРТ 1,5 ва ЎТ (ўриндош терапия) нинг клиник иловаси мавзуларига бағишланган маърузалар тингланди.

Муҳокамалар чоғида ташхислаш ва даволашни янада такомиллаштириш мақсадида илғор технологияларни жорий этиш бўйича долзарб масалалар кенг таҳлил этилди.

Тадбир якунида анжуман иштирокчилари сертификатлар билан тақдирланди.

UzMedInfo маркази

Aхборот хизмати