Санитария эпидемиология назорати фаолиятига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди
2015 йил 21 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида Санитария эпидемиология назорати Бош бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар давлат санитария эпидемиология назорати марказлари раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Видеоселектор форматида ўтган йиғилишни соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Давлат Бош санитар шифокори С.Саидалиев очиб берди ва олиб борди.
Йиғилишда соҳага доир қатор масалалар кўриб чиқилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида 2015-2017 йилларда гемоконтакт инфекцияларга қарши профилактик тадбирларни такомиллаштириш тўғрисида”ги 2015 йил 29 октябрдаги комплекс чора-тадбирлар режаси ижросини таъминлаш бўйича Республика ОИТСга қарши кураш маркази директори Н. Атабеков маълумот берди.
Давлат санитария эпидемиология назорати хизмати томонидан тадбиркорлик субъектларида ўтказилаётган текширишларда қайд этилаётган қонун бузилиш ҳолатлари ва уларни бартараф этиш чоралари тўғрисида Республика ДСЭНМ назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш мутахасиси Ф.Исаков маърузаси тингланди.
Шундан сўнг йиғилганлар ДСЭНМларнинг даволаш-профилактика муассасаларни назорат қилиш бўлимлари томонидан ушбу муассасаларида ўтказилаётган давлат санитария назоратининг аҳволи ва унинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари бўйича Республика ДСЭНМ Бош врач ўринбосари К.Мамараҳимов берган маълумотлар билан танишиб чиқишди.
Ўзбекистон Республикасида "Миллий эмлаш" календари асосида ўтказилган эмлаш тадбирларининг аҳволи, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари, антирабик ёрдам, қоқшолга, вирусли гепатитнинг А ва В турига қарши эмлаш тадбирлари тўғрисида Республика ДСЭНМ Бош врачи ўринбосари К.Мамараҳимов маъруза қилди.
Кун тартибига қўйилган асосий масалалар бўйича маърузалар тинглаб бўлингач, соҳага доир бошқа масалалар кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунида тегишли қарорлар қабул қилиниб, раҳбарларга топшириқлар берилди.
UzMedInfo маркази
Aхборот хизмати