Эндокринологларнинг илмий-амалий анжумани якунланди
2015 йилнинг 20 ноябр куни Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказида “Эндокрин касалликларнинг долзарб масалалари” мавзусига бағишланган республика илмий-амалий анжуманининг иккинчи куни бўлиб ўтди.
Диабетга қарши кураш ойлиги доирасида ўтказилган мазкур анжуманда Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази тадқиқотчилари, Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти магистрантлари эндокринологиянинг долзарб масалаларига бағишланган илмий маърузалар билан иштирок этди.
Тадбир давомида қандли диабетнинг II тури ва уйқудаги апноэ, тугунли бўқоқни медикаментоз даволаш натижалари, диабет нефропатиясида анемия кечишининг клиник-лаборатор хусусиятлари, тугунли ва кўп тугунли бўқоқлар бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказилган беморларнинг ҳаёт сифатининг ўзига хосликлари каби мавзуларда илмий маърузалар тингланди.
Анжуман эндокринолог ва диабетологларнинг қандли диабет ҳақидаги билимларини янада кенгайтириш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш мақсадида ўтказилди.
Тадбир якунида тингланган маърузалар муҳокама этилиб, ғолиблар тақдирланди ва илмий-амалий анжуман резолюцияси қабул қилинди.
UzMedInfo маркази
Aхборот хизмати