UZ RU
20.11.2015

Дерматовенерология ва эстетик тиббиётнинг долзарб масалалари муҳокама этилди

2015 йилнинг 20 ноябр куни пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида дерматовенерология ва эстетик тиббиётнинг долзарб масалаларига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуманнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

1.JPG

Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари, олимлар, Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-амалий тиббиёт маркази ва вилоятдаги диспансерлар шифокорлари ва илмий изланувчилари, хорижлик мутахассислар иштирок этди.

Анжуманни Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Бош Давлат санитария врачи С.Саидалиев кириш сўзи билан очиб, мамлакатимизда тиббиётнинг барча йўналишлари каби дерматовенерология соҳаси ривожига ҳам катта эътибор қаратилаётгани ва бунинг натижасида тери-таносил касалликлари кўрсаткичи сезиларли пасайиб бораётганини қайд этди.

2.JPG

Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-амалий тиббиёт маркази директори У.Собиров тадбирнинг мазмун-моҳияти ва соҳада қўлга киритилаётган ютуқларга тўхталар экан, марказ юқори технологик тиббий ускуналар, лаборатория жамланмалари билан таъминлангани, бу эса тери ва таносил касалликларини эрта босқичларда аниқлаш ҳамда самарали даволаш имконини бераётганини алоҳида таъкидлади.

Тадбир давомида дерматовенерология соҳасида узоқ йил меҳнат қилиб, аҳоли саломатлигини муҳофазалаш ва мустаҳкамлашда кўрсатган фидокорона меҳнатларини қадрлаш учун соҳанинг тажрибали мутахассислари тақдирланди.

4.JPG

– Ушбу халқаро миқёсдаги анжуманга таклиф этилганим ва элимиз саломатлиги йўлида қилган камтарона меҳнатларимнинг алоҳида эътирофи учун барча ташкилотчиларга миннатдорчилик билдираман, – дейди дерматовенеролог шифокор Нодира Иноятова. – Ушбу йўналишда 34 йилдан буён фаолият олиб бормоқдаман. Бундан 10-15 йил аввал витилиго, псориаз каби касалликларни тўлиқ даволашнинг деярли имкони йўқ эди. Бугунги кунга келиб эса даволашнинг янги усуллари, хусусан, мезотерапия, лазеротерапия каби муолажа методлари қўлланиб, юз фоизгача ижобий натижа олинмоқда.

Анжуман доирасида дерматология, венерология ва эстетик тиббиёт соҳасига оид дори воситалари, тиббий хизматлар ва косметология маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазма хусусий ишлаб чиқарувчиларга ўз маҳсулотларини намойиш этиш ва кенг жамоатчиликка тақдим қилиш имконини яратгани алоҳида эътиборга лойиқ.

8.JPG

Илмий-амалий анжуман дерматологиянинг долзарб муаммолари, жинсий йўл билан юқувчи касалликлар ва репродуктив саломатлик масалалари, терининг юқумли ва паразитар касалликларининг долзарб муаммолари, болалар дерматовенерологияси каби йўналишларда секцияларда давом этди.

Тадбирнинг иккинчи куни ва ёпилиш маросими 21 ноябр куни Халқаро ҳамкорлик марказида бўлиб ўтади.

UzMedInfo маркази 

Aхборот хизмати