Эндокринологиянинг долзарб масалаларига бағишланган илмий-амалий анжуман ўз ишини бошлади
2015 йилнинг 19 ноябр куни Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказида “Эндокрин касалликларнинг долзарб масалалари” мавзусидаги республика илмий-амалий анжуманининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Диабет ойлиги доирасида ўтказилаётган мазкур анжуманда Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази шифокорлари, ёш олимлар ва илмий тадқиқотчилар, хорижлик мутахассислар иштирок этмоқда.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари А.Худаяров кириш сўзи билан очиб, эндокринология соҳасида эришилаётган ютуқлар, диабет ойлигининг мазмун-моҳияти ва мақсадига алоҳида тўхталиб ўтди.
Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори С.Исмоилов таъкидлаганидек, марказда аҳолига замонавий тиббий технологияларни қўллаш ёрдамида юқори даражадаги ихтисослашган ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Бу эса эндокрин тизим касалликларини эрта босқичда аниқлаш ва асоратсиз даволаш имкониятини оширмоқда.
– Эндокринология йўналишида тиббий ёрдам кўрсатиш аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда алоҳида ўрин тутади, чунки эндокрин касалликлар кўп ҳолларда сурункали кечиб, оғир асоратларга олиб келади, – дейди Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг илмий ишлар бўйича директор ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Равшан Файзуллаев . – Марказимиз 240 ўринга мўлжалланган бўлиб, бир йилда амбулатор ва стационар шароитда 70 мингга яқин беморга малакали ва юқори технологик ёрдам кўрсатиб келмоқда.
Тадбир давомида қандли диабетнинг II турида сурункали буйрак касалликлари ва миокард инфаркти, Тошкент шаҳрида янги аниқланган қандли диабет ва глюкозага турғунлик бузилишида диабет ретинопатиясининг тарқалиш динамикаси, фаол бўлмаган гипофиз аденомали беморларда репродуктив бузилишлар каби эндокринологиянинг долзарб масалаларига бағишланган маърузалар тингланди.
Анжуманнинг ёпилиш маросими 20 ноябр куни Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказида бўлиб ўтади.
UzMedInfo маркази
Aхборот хизмати