Тошкентда антибиотиклардан тўғри фойдаланиш масаласи муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 18 ноябр куни антибиотиклар ҳақида тушунчага эга бўлиш халқаро куни муносабати билан Тошкентда матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-тадқиқот институти, илмий тиббиёт марказлари, пойтахтимиз ва вилоятлардаги юқумли касалликлар клиникалари мутахассислари, доришунослар, ветеринарлар, озиқ-овқат саноати мутахассислари, шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Касалликлар профилактикаси ва назорати маркази каби халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Матбуот анжумани доирасида мамлакатимиз олимлари билан бир қаторда, хориж давлатларидан ташриф буюрган йирик тадқиқотчилар маърузалар билан қатнашди.
Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-тадқиқот институти директори А.Абдушукуров ўз кириш сўзида мазкур матбуот анжуманидан кўзланган мақсад микроорганизмларнинг микробга қарши препаратларга нисбатан чидамлилигини ўрганишдек долзарб муаммо соҳасида ўзаро самарали маълумот алмашиш эканини қайд этди.
Матбуот анжумани давомида микробга қарши препаратларга чидамлиликнинг пайдо бўлишида асосий фактларга ойдинлик киритилди, шунингдек, кўп қайд этиладиган касаллик қўзғатувчи инфекцияларнинг антибиотикорезистентлиги, вирусга қарши, антибактериал ва паразитларга қарши препаратларнинг оптимал схемасини танлашда шифокор ёндашуви ва касаллик қўзғатувчилар диагностикаси, бактериологик лабораторияларнинг керакли ускуналар билан таъминланишига оид кўплаб масалалар муҳокама этилди. ЖССТнинг етакчи экспертлари касалликларни эрта босқичда аниқлашда замонавий технологияларни қўллаш бўйича тажриба алмашдилар.
Тадбир давомида Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-тадқиқот институтида антимикроб резистентнлик бўйича марказ ташкил этиш бўйича амалий ишлар олиб борилаётгани алоҳида қайд этилди. Марказни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси ҳудудида микробга қарши резистентликни тўхтатиш бўйича дастурни жорий қилиш ва такомиллаштиришни мувофиқлаштириш ва методик ёрдам кўрсатиш ҳисобланади.
UzMedInfo маркази
Aхборот хизмати