UZ RU
16.11.2015

Соғлом турмуш тарзи – саломатлик кафолати

Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги 46-оилавий поликлиникада диабет муаммоси ва диабетнинг олдини олиш мавзусида семинар ташкил этилди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Тошкент шаҳар қандли диабет билан касалланган беморлар ва ногиронларнинг «Умид» жамоат бирлашмаси ҳамкорлигида ўтказилган семинарда олимлар, шифокорлар, маҳалла маслаҳатчилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида тиббиётнинг барча йўналиши қатори эндокринология соҳаси ҳам тубдан такомиллашиб бораётир.

Қандли диабет тизимида хасталикнинг иккинчи тури кўп учрайди. Мутахассислар таъкидлашича, диабетнинг иккинчи тури ривожланишининг асосий омилларидан бири семизликдир. Бугунги кунда ривожланган мамлакатларда семизлик, айниқса, болалар ва ёшлар орасида ошиб бормоқда. Бунга камҳаракат ҳаёт тарзи ва нотўғри овқатланиш сабаб бўлмоқда. Касалликнинг олдини олиш ва ўсишини камайтириш учун рационал овқатланиш, спорт билан мунтазам шуғулланиш зарур.

– Қандли диабетнинг олдини олиш мақсадида бирлашмамиз томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда, –дейди Тошкент шаҳар қандли диабет билан касалланган беморлар ва ногиронларнинг «Умид» жамоат бирлашмаси эндокринологи Нилуфар Ибрагимова. – Кам таъминланган беморлар учун хайрия акциялари, бепул консультатив-диагностика тиббий ёрдами ташкил қилинди. Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда жорий йилнинг 19 ноябрига қадар мамлакатимизда диабетга қарши кураш ойлиги ўтказилаётир. Бундан кўзланган мақсад – аҳолининг мазкур касаллик ҳақидаги билимини ошириш, хасталикнинг олдини олиш, уни барвақт аниқлаш ва даволашдан иборат.

Семинарда аҳолининг мазкур касалликнинг олдини олиш борасидаги хабардорлигини ошириш, соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланиш, касалликни эрта аниқлаш ва аҳолини бир йилда икки марта тиббий кўрикдан ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир доирасида туманда истиқомат қилувчи диабет билан касалланган икки юз нафар кекса бепул тиббий кўрикдан ўтказилди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА

Манба: uza.uz