UZ RU
13.11.2015

Витаминга бой озиқ-овқатлар

Бугунги глобаллашув даврида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан бирга, унинг хавфсизлигини таъминлаш ҳам тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.

Президентимиз раҳнамолигида озиқ-овқат ишлаб чиқариш саноати изчил ривожланмоқда. Мустақиллик йилларида ушбу тармоқ корхоналари ўн баробар кўпайди. Агросаноатни модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ошмоқда. Аҳолининг овқатланиш сифати тубдан яхшиланиб, озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш тузилмаси ўзгарди. Хусусан, аҳоли жон бошига гўшт ва гўшт маҳсулотларини истеъмол қилиш 1,3 баробар, сут ва сут маҳсулотлари 1,6, тухум 2,2, сабзавот 2,6, картошка истеъмол қилиш 1,7, мевалар қарийб 4 баробар ўсди.

Мутахассисларнинг фикрича, овқат билан бирга аминокислоталар, витаминлар, минерал моддалар, микроэлементлар ва бошқа моддаларни ҳам истеъмол қилиш инсон ҳаёти учун муҳим аҳамиятга эга. Ана шу фойдали моддалар, витамин ва микроэлементлар фақат мева-сабзавот, узум таркибида бўлади ва уларнинг ўрнини бошқа ҳеч қандай маҳсулот боса олмайди.

Шу ва бошқа жиҳатлар инобатга олиниб, аҳолини йил давомида мева-сабзавотлар билан узлуксиз таъминлаш мақсадида иссиқхоналар ташкил этиш, боғлар, токзорлар майдонини кенгайтириш, етиштирилган ҳосилни қиш-баҳор фаслигача сифатли сақлаш имконини берадиган омборхоналар барпо этишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 25 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланиши соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ва шу йил 29 августдаги “2015-2020 йиллар даврида Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланишини таъминлаш Концепциясини ва чора-тадбирлар комплексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорлари бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Мазкур ҳужжатлар ижроси доирасида Тошкент вилоятида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Мева-сабзавот, гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишловчи мавжуд корхоналар реконструкция ва модернизация қилиниб, янгилари ишга туширилаётир. Зангиота туманидаги “Иззат” фермер хўжалиги фаолиятидан қиёс.

Қарийб 17 йилдан буён фаолият юритаётган мазкур хўжаликнинг умумий даромади сўнгги бир йилда 860 миллион сўмга етди. Хўжалик бундай натижага тармоқни кенгайтириш орқали эришди. Хориждан кунига бир тонна сутни қайта ишлаш қувватига эга замонавий технология келтирилиб, сутдан қатиқ, қаймоқ, кефир сингари ўнлаб турдаги сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Айни пайтда бу ерда тайёрланаётган сут маҳсулотлари шартнома асосида Тошкент шаҳри ва вилоятидаги савдо мажмуаларига етказиб берилмоқда.

– Келгусида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш, хўжалигимиз тармоғини яна биттага кўпайтириш, янги иш ўринлари яратишни режалаштирганмиз, – дейди “Иззат” фермер хўжалиги раҳбари Қўчқор Турсунов. – Айни пайтда асосий эътиборимизни сутни қайта ишлаш цехини кенгайтиришга қаратяпмиз. Бунинг сабаби бор, албатта. Тўғри овқатланиш организмнинг соғлом яшаш қобилиятини таъминлайди. Унинг нормал ҳолатда ва соғлом бўлиши кўп жиҳатдан истеъмол қилинаётган маҳсулотнинг табиий хусусияти, қувватига боғлиқ. Масалан, турли витамин, углевод ва оқсилларга бой қатиқни олайлик. Унинг инсон саломатлигини мустаҳкамлашдаги ўрни, шифобахш хусусиятлари жуда кўп. Таркибида пастеризацияланган сигир сути, ачитқи бўлган бу маҳсулот энергетик қуввати ва озуқавий қиймати юқорилиги билан ажралиб туради.

Чиндан ҳам, тўлақонли овқатланиш кўп жиҳатдан унинг таркибига, истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг инсоннинг нормал ривожланиши ва фаолият юритиши, унинг организмида тўғри модда алмашинуви, саломатликни мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олиш, кексайиш жараёнини секинлаштириш ва умрни узайтириш учун зарур бўладиган тўйимли ва сифатли моддалар билан керакли даражада таъминланишига боғлиқ.

– Бунинг учун савдо мажмуалари, бозорларда сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ҳамда уларни сақлашга қўйиладиган талаблар ўз вақтида бажарилган бўлиши лозим, – дейди Тошкент вилояти санитария-эпидемиология назорати маркази масъул ходими Абдураҳмон Исмоилов. – Шу мақсадда вилоят шаҳар ва туманларида жойлашган деҳқон бозорлари ва йирик савдо мажмуаларида сотилаётган маҳсулотлар тегишли тартибда текширувдан ўтказилди. Аниқланган камчиликлар ўз вақтида бартараф этилди. Вилоятдаги бойитилган биринчи навли ун ишлаб чиқаришга ихтисослашган 23 корхона ва цехларда мониторинг ўтказилди. Лаборатория таҳлили учун олинган намуналарнинг санитария-эпидемиология назорати талабларига тўлиқ жавоб бериши аниқланди. Жорий йилнинг ўтган даврида ош тузи таркибида йод миқдорини меъёр талабида эканини аниқлаш мақсадида лаборатория таҳлили учун келтирилган 707 намунадан 181 намуна гигиеник талабга зид экани маълум бўлди. Улар ўрнатилган тартибда истеъмолдан олинди ҳамда ишлаб чиқарувчи корхона ва ташкилотларга қайта ишлаш учун юборилди.

Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, уларнинг тиббий маданиятини ошириш, овқатдан заҳарланиш, ўткир ошқозон-ичак касалликларининг олдини олиш мақсадида санитария-эпидемиология марказининг малакали мутахассислари иштирокида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилаётир. Турли тадбирлар, учрашув ва давра суҳбатлари мунтазам ўтказилмоқда.

Мухтасар айтганда, озиқ-овқат саноатини ривожлантириш, халқимиз дастурхонини юртимизда етиштирилган сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, оилаларда соғлом овқатланиш тамойилларини тарғиб этишга қаратилаётган доимий эътибор аҳоли саломатлигини асраш ва турмуш фаровонлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда.

Бекзод Ҳидоятов, ЎзА

Манба: uza.uz