UZ RU
13.11.2015

Касалликнинг олдини олган афзал

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, инсон ҳаётига хавф солиши мумкин бўлган хасталикларнинг олдини олиш борасида кенг миқёсли чора-тадбирлар амалга оширилаётир.

14 ноябрь – Халқаро қандли диабетга қарши кураш куни муносабати билан мамлакатимизда ўтказилаётган махсус ойлик тадбирларида ҳам бунга алоҳида эътибор қаратилаётир. Ойлик доирасида юртимиз бўйлаб турли тадбирлар, спорт мусобақалари, анжуманлар ташкил этилаётир. Маҳаллалар, таълим масканларида тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани ҳокимлигида ана шундай тадбир бўлиб ўтди. Унда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида аҳоли, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болалик манфаатларини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Юртимизда аҳолига, хусусан, эндокринология ва диабетология соҳасида сифатли тиббий хизмат кўрсатишнинг самарали тизими йўлга қўйилган.

Ортиқча вазн, кам ҳаракат қилиш, соғлом турмуш тарзига риоя этмаслик, нотўғри овқатланиш, ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтмаслик ва тегишли профилактика тадбирларини олиб бормаслик қандли диабетга олиб келади. Афсуски, бу жаҳон миқёсида кўпайиб бораётган касалликлардандир. Мамлакатимизда ушбу хасталикни даволаш, унга чалинганларни ўз вақтида аниқлаш, профилактика чораларини қўллаш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётир. Бунинг учун бирламчи тиббиёт муассасалари, туман ва шаҳар шифохоналари, эндокринология диспансерларида барча шароит яратилган. Шифокорларимиз қанд касаллигининг олдини олиш, ўз вақтида ташхис қўйиш ҳамда самарали даволаш бўйича етарли тажрибага эга.

Мамлакатимизда ҳар йили ноябрь ойида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, аҳолининг тиббий билим ва маданиятини ошириш, тиббий-профилактика ишларини янада кенгайтиришга жиддий эътибор қаратилиб, фуқаролар тиббий кўрикка кенг жалб этилади. Ёшлар соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаолликка йўналтирилади. Айниқса, қанд касаллигига чалинган болалар ва ўсмирлар алоҳида назоратга олинади. Уларга зарур дори-дармонлар бепул берилиб, самарали тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Зеро, керакли шифони ўз вақтида олган болалар нафақат тўлақонли ҳаёт кечириши, балки жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши мумкин.

– Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда нафақат тиббиёт ходимлари, балки маҳалла фаоллари ҳам муҳим ўрин тутмоқда, – дейди Шодлик маҳалласининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Лола Мирсоатова. – Аҳоли саломатлиги бўйича оилавий поликлиника билан ҳамкорликда иш олиб борамиз. Шу кунларда маҳалла аҳли ўртасида махсус тест ўтказдик. Шу асосда касалланган ҳамда касалликка мойил шахслар аниқланиб, улар тиббий кўрикка жалб этилди. Зеро, ҳар бир инсоннинг соғлом ҳаёт кечириши маҳалламиз, юртимиз осойишталигининг муҳим омилларидан биридир.

Гўзал Сатторова, ЎзА

Манба: uza.uz