UZ RU
11.11.2015

Кексалар саломатлиги доимий муҳофазада

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, қандли диабет нафақат инсон саломатлиги, балки жамият ривожи ва келажак тараққиётига ҳам жиддий таъсир этмоқда. Ушбу касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида 14 ноябрь – Халқаро қандли диабетга қарши кураш куни сифатида кенг нишонланмоқда.

Мамлакатимизда ушбу сана муносабати билан тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ҳар йили ноябрда диабетга қарши кураш ойлиги ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар «Umid» жамоат бирлашмаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан жойларда касаллик профилактикаси, диагностикаси ва даволашнинг замонавий усуллари бўйича шифокорлар иштирокида илмий анжуманлар ташкил этилмоқда.

Пойтахтимизда кексаларда диабет келиб чиқишининг олдини олишга бағишлаб ташкил этилган илмий-амалий анжуманда ана шу йўналишдаги долзарб масалалар хусусида сўз юритилди.

Тадбирда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида аҳоли, жумладан, кексаларга кўрсатилаётган тиббий-профилактика ёрдами сифати ва самарадорлигини мунтазам такомиллаштириб боришга қаратилаётган доимий эътибор халқимизнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, узоқ умр кўриш кўрсаткичини узайтиришда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.

«Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури доирасида бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда. Кексаларда диабет касаллиги келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида ташкил этилаётган анжуманларда тиббиётнинг бирламчи бўғинида ишлайдиган шифокорлар қамраб олиниб, тиббий-профилактика ишларини ташкил этиш, ташхис ва даволаш амалиётида қўлланилаётган янги йўналишлар бўйича тажрибалар оммалаштирилмоқда.

Тадбирда соғлом турмуш тарзини юритиш, аҳолини ўз вақтида бирламчи тиббий кўрикка жалб этиш, аниқланган касалликларни соғломлаштириш, оилаларда тиббий маданиятни юксалтириш, геронтология хизматини ривожлантириш масалаларига бағишланган маърузалар тингланди.

Баҳор Хидирова, ЎзА

Манба: uza.uz