UZ RU
09.11.2015

Элга шифо бағишлаш саодати

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида тиббий-ижтимоий соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида аҳолига юксак технологиялар воситасида бирламчи тиббий-профилактика, шошилинч, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилаётган доимий эътибор инсон манфаатларини муҳофазалашнинг муҳим омили бўлаётир.

“Соғлом она – соғлом бола” миллий дастури ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилмоқда. Болаларни юқумли касалликларга қарши эмлашнинг миллий тақвими яратилган ва замон талабидан келиб чиқиб янги-янги вакциналар билан бойитилмоқда. Ҳомиладор аёлларни поливитаминлар билан бепул таъминлаш амалиёти дунёнинг бошқа мамлакатларида учрамайдиган ноёб лойиҳадир.

Тиббиёт муассасаларини модернизациялаш, жаҳон илм-фани ва тиббиёти янгиликларини амалиётга кенг татбиқ этиш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш билан боғлиқ устувор вазифаларни амалга оширишда соғлиқни сақлаш тузилмалари билан бир қаторда кўплаб давлат ва жамоат ташкилотлари ҳам фаол иш олиб бораётир.

Мамлакатимизда тиббий хизмат билан бир қаторда оммавий спортни ривожлантириш, аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши учун қулай ижтимоий-иқтисодий инфратузилмаларни яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, барча соҳаларда меҳнат шароитларини замонавийлаштириш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, экологик муҳитни барқарорлаштириш, қишлоқ жойларда шаҳардан кам бўлмаган шароит яратиш, барча қулайликларга эга намунавий уйлар барпо этиш, хонадонларда санитария-гигиена шароитларини яхшилаш билан боғлиқ кенг қамровли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Инсоннинг соғ-саломат, узоқ умр кечиришида рационал овқатланиш муҳим омил ҳисобланади. Ўзбекистонда мустақиллик йилларида жон бошига гўшт истеъмоли 1,3 баробар, сут ва сут маҳсулотлари 1,6 карра, картошка 1,7 баробар, сабзавотлар 2 мартадан зиёд, мевалар истеъмоли қарийб 4 баробар ошди. Бу оптимал, яъни мақбул деб ҳисобланадиган истеъмол меъёридан уч баробар кўпдир.

Истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг таркиби ва рационини яхшилаш бошқа омиллар билан бирга аҳоли, айниқса, болалар саломатлигини тубдан яхшилашга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Масалан, сўнгги 10 йилда вазни тиббиётда кўзда тутилган меъёрдан кам бўлган болалар сони икки баробардан зиёд (4 фоиздан 1,8 фоизга) қисқарди, уларнинг бўйи ўртача 3 сантиметрга ўсди, хотин-қизларда камқонлик даражаси 2,5 марта пасайди.

“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида бундай эзгу ишлар янада юқори босқичга кўтарилмоқда. Мамлакатимизда мазкур дастурда белгиланган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан нуронийларимизнинг саломатлигини яхшилаш, уларга кўрсатилаётган тиббий-профилактика ёрдами самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вазирлик матбуот хизматидан олинган маълумотга кўра, жорий йилнинг тўққиз ойида қарийб етмиш бир минг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва фронт орти меҳнат фахрийлари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Улар амбулатор стационар ва уй шароитида соғломлаштирилди, 6344 уруш фахрийсига санаторияларга тавсия берилди.

Юртимизда кекса авлод вакилларини тиббий-ижтимоий муҳофазалаш ишлари тизимли асосда йўлга қўйилгани, нуронийларга алоҳида ҳурмат, эҳтиром кўрсатиш, уларнинг бой ҳаётий тажрибасидан ёш авлод камолоти йўлида оқилона фойдаланиш, фахрийларимизнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини оширишга қаратилаётган доимий эътибор туфайли узоқ умр кўрувчи инсонлар тобора кўпаймоқда.

Мустақиллик йилларида халқимизнинг ўртача умр кўриши 67 ёшдан 73 ёшга, аёллар ўртасида 75 ёшга етди. Бугунги кунда мамлакатимизда юз ёшдан ошган 8700 табаррук отахон ва онахон истиқомат қилмоқда.

– Инсон қачон узоқ умр кечиради? Қачонки, тинчлик-осойишталик, хотиржамлик, меҳр-оқибат бўлса, фарзандлари саломат бўлса, – дейди Бухоро вилояти Қоракўл тумани Манзилобод қишлоғида яшовчи Хумор момо Бердиева. – Минг шукрки, ана шундай жаннатмонанд юртда яшамоқдамиз. Президентимиз ташаббуси билан саломатлигимизни мустаҳкамлашга қаратилган хайрли ишлар йилдан-йилга кенгаймоқда. Жумладан, қишлоғимизда замонавий ҚВП барпо этилиб, янги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Ушбу тиббиёт муассасасида вилоят маркази ва пойтахтимиздан келган олимлар иштирокида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказиш анъанага айланди. Бундай имконият кексалар учун катта қулайлик яратмоқда.

Тиббиётимиз эришаётган муҳим натижалар инсон саломатлигини асраш, замонавий тиббий ёрдамдан аҳолининг баҳрамандлик даражасини ошириш, оналик ва болаликни муҳофазалашда муҳим омил бўлаётир. Шу мақсадда соҳага йўналтирилаётган инвестициялар ҳажми йилдан-йилга кўпаймоқда. Масалан, 2010 йилда ушбу мақсадларга 79,1 миллиард сўм ажратилган бўлса, 2015 йилда бу кўрсаткич олти баробар кўпайди.

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори асосида бундай тиббий-ижтимоий ислоҳотлар кўлами янада кенгаяётир. Дастур доирасида соҳада қонунчилик асосларини такомиллаштириш, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш, илм-фан ютуқларини юксалтириш бўйича изчил ишлар амалга оширилаётир.

Бундай ютуқларга эришишда энг яхши инсоний фазилатларни намоён этиб, инсонпарварлик мақсадларига хизмат қилишнинг ёрқин намунасини кўрсатаётган шифокор ва ҳамшираларимизнинг хизмати беқиёс. Элга шифо бағишлашни олий мақсад деб билиб, шу йўлда бор куч-салоҳиятини аямай меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларининг шарафли меҳнатини эъзозлаш, уларнинг жамиятимиздаги мавқеини юксалтириш доимий эътиборда.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 2006 йил 12 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси мамлакатимизда шифокорларнинг касб байрами сифатида кенг нишонланаётгани бундай эътиборнинг яққол исботидир.

Бугунги кунда мамлакатимиздаги тиббиёт муассасаларида етмиш мингдан ортиқ врач, уч юз ўн мингдан зиёд ўрта тиббиёт ходими эл саломатлиги йўлида меҳнат қилмоқда. Уларнинг билим ва малакасини ошириш, фидокорона меҳнатини муносиб қадрлаш, тиббиёт ходимлари учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш давлатимизнинг доимий эътиборида.

Анъанага кўра, бу йил ҳам тиббиёт ходимларининг касб байрамини муносиб нишонлашга қизғин тараддуд кўрилаётир. Ушбу тадбир саломатлик посбонларига эҳтиром ва эъзозни ифодаловчи, шу билан бирга, ҳар бир инсонга ато этилган бебаҳо неъмат – тансиҳатликни асрашга чорловчи ўзига хос саломатлик байрамидир.

Баҳор Хидирова, ЎзА

Источник: uza.uz