UZ RU
09.11.2015

Инсон саломатлиги доимий эътиборда

Фарғонада Жанубий кореялик офтальмолог шифокорлар иштирокида хайрия акцияси бўлиб ўтди. Акция доирасида Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари аҳолиси, хусусан, ёши улуғ инсонлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, жарроҳлик амалиёти орқали соғломлаштирилди.

Халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши учун шароит яратиш, аҳоли, хусусан, оналар, болалар ва кексалар саломатлигини муҳофаза қилиш Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидандир.

Президентимизнинг 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори ва “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижроси доирасида бу борадаги лойиҳалар кўлами янада кенгаймоқда. “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳам бундай эзгу ишларга муносиб ҳисса қўшаётир.

Жанубий Кореянинг “Vision Care Servise” халқаро ташкилоти ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тиббий кўрикдавомида 300 дан зиёд бемор ташхис-текширувдан ўтказилди. Юзга яқин беморнинг кўзидаги катаракта олиб ташланди ва сунъий кўз гавҳари қўйилди. Тадбир жараёнида кекса отахон ва онахонлар тиббий кўригига алоҳида эътибор қартилди.

– Давлатимиз томонидан кексаларга алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилмоқда, – дейди Тошлоқ туманидан Каримжон Матмусаев. – Катаракта туфайли кўзим анча хиралашиб қолган эди, дўхтирлар замонавий усулда операция қилишди. Қўллари дард кўрмасин, кўзим яна равшанлашди.

Фарғона вилояти офтальмология шифохонасидаги шароитлар, замонавий асбоб-ускуналар тиббий кўрикнинг самарали ўтишида муҳим аҳамият касб этди. Жанубий Кореядан келган малакали шифокорлар ўтказган операциялар вилоят шифокорлари учун ўзига хос тажриба бўлди.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА

Манба: uza.uz