UZ RU
09.11.2015

Қарши курашишнинг муҳим омили

Андижонда ОИВ инфекцияси тарқалиши олдини олишда оиланинг роли ва ижтимоий ҳамкорликни кучайтириш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Туман, шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари, хотин-қизлар қўмиталари раислари, вилоят ОИТСга қарши кураш маркази мутахассислари, соғлиқни сақлаш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари, Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши, қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, бу борада мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва хасталикка чалинган беморларга ижтимоий-руҳий кўмак бериш масалалари муҳокама қилинди.

– Президентимизнинг 2008 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекциясининг тарқалишига қарши курашнинг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Андижон вилояти ОИТСга қарши кураш маркази раҳбари Б.Йўлдошев. – ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва унга қарши курашиш бугун глобал аҳамиятга эга долзарб муаммолардан биридир. Мазкур тадбир ана шу йўналишда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мавжуд муаммолар ечимини топишга ёрдам беради.

Тадбирда ОИТС/ОИВ хасталиги хавфининг олдини олиш, унга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида фикр алмашилди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА

Манба: uza.uz