Ўзбекистон инфекционистларининг II қурултойи ўз ишини бошлади
Жорий йилнинг 5 ноябр куни Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида “Юқумли касалликларни ташхислаш, даволаш ва профилактикасининг устувор йўналишлари” мавзусида Ўзбекистон инфекционистларининг II қурултойи очилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Давлат бош санитар шифокори С.Саидалиев, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Л.Тўйчиев, Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги, Тошкент тиббиёт академияси юқумли ва болалар юқумли касалликлари кафедраси профессори Т.Даминов ва бошқалар мустақилликни қўлга киритганимиздан сўнг юқумли касалликлар ва уларнинг олдини олиш ҳамда қарши кураш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилганини алоҳида қайд этишди. Қабул қилинган чора-тадбирлар натижасида юқумли касалликларнинг эпидемик вазияти барқарорлиги таъминланмоқда.
Қурултой ишида Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари, вазирлик тизимидаги илмий тадқиқот институтлари ва марказлари ходимлари, Тошкент тиббиёт академияси ва Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва уларнинг филиаллари ходимлари, шаҳар ва туман юқумли касалликлар шифохоналари ходимлари ва ҳалқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этишди. Маҳаллий изланувчилар билан бир қаторда, тадбир давомида Россия, АҚШ, Швейцария, Греция, Италия, Беларусь ва Қозоғистон олимлари ўз маърузалари билан қатнашдилар.
— Бугун биз сўнгги йилларда қандай амалий ишлар бажарилгани ва истиқболдаги режаларни белгилаш учун ушбу анжуманда йиғилиб турибмиз, – дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор, Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг болалар юқумли касалликлари бўйича бош мутахассиси Юрий Лобзин . – Ялпи мажлис ишида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш соҳасидаги муваффақиятлар ва инфекцион касалликларга қарши кураш бўйича қўлга киритилган ютуқлар тақдим этилди.
Қурултойнинг асосий мақсади юқумли касалликлар билан курашиш соҳасида янги ютуқларни муҳокама қилиш, МДҲ ва узоқ хориж мамлакат олимлари билан илғор амалиётлар алмашуви ўтказиш ҳисобланади.
Мустақилликдан сўнг, юқумли касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш сохасида меъёрий-ҳуқуқий база ишлаб чиқилди. Қабул қилинаётган асосий меъёрий ҳужжатларнинг мақсади аҳолининг санитария эпидемиологик фаровонлигини таъминлашдир.
Қурултой давомида кенг микдорда кўп учрайдиган инфекцияларни қўзғатувчиларнинг антибиотикорезистентлиги, вирусга қарши, антибактериал ва паразитларга қарши дори воситаларни танлашда шифокор тактикаси ва бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди.
– Илмий изланишлар натижасида тайёрланган самарали препаратларни кенг миқёсда амалиётга татбиқ этиш касалликларни бартараф қилиш, беморнинг соғлом ҳаётга қайтишида муҳим аҳамиятга эга, – дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусология илмий-тадқиқот институти директори Эркин Мусабаев. – Мазкур тадбир соҳадаги ишлар кўлами ва сифатини юқори босқичга кўтаришга, соҳа вакилларининг тажриба ва малакасини оширишга хизмат қилади.
Ташхис қўйиш, даволаш ва олдини олишда янги тактиканинг самарали амалга оширилиши Ўзбекистонда касалланиш, ўлим кўрсаткичларини камайтиришга ёрдам бериб, бу орқали аҳоли саломатлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
UzMedInfo маркази
Ахборот хизмати