Фарғонада илк марта юрак операцияси ўтказилди
Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом фарзандларни дунёга келтириш ва камолга етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги ишларни янги босқичда давом эттиришга хизмат қилмоқда.
“Соғлом она – соғлом бола” тамойилида белгиланган чора-тадбирлар ўз вақтида амалга оширилиши натижасида она-бола скрининг ва перинатал хизмат тармоғи тобора такомиллашмоқда. Болаларга тиббий хизмат кўрсатишга ихтисослашган шифо масканларини модернизация қилиш, янги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилаётир. Фарғона вилоятида ҳам бу борадаги ишлар таҳсинга лойиқ. Хусусан, 18 ёшгача бўлган ўғил-қизларга юқори малакали тиббий хизмат кўрсатишга ихтисослашган вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази 2013 йили замонавий бинога кўчиб ўтди. 2014 йилда эса янги даволаш корпуси фойдаланишга топширилди. Марказ фаолияти кенгайиб, жарроҳлик, реанимация, ортопедия, пульманология, гастроэнтерология, кардиоревматология, неврология бўлимлари қаторига офтальмология ва урология бўлимлари ҳам қўшилди. Айни кунларда бу ерда илғор усуллар асосида мураккаб жарроҳлик амалиётлари ҳам ўтказилмоқда.
Марказда кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш мақсадида туғма юрак нуқсони ташхиси билан диспансер назоратида турган беморларни жарроҳлик йўли билан даволаш йўлга қўйилмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, дунёда ҳар минг чақалоқнинг 6-7 нафарида туғма юрак нуқсони қайд этилади. Бу хасталикни операция йўли билан бутунлай бартараф этиш ва беморни тўлақонли ҳаётга қайтариш мумкин.
Мамлакатимизда бундай хасталик аниқланган бемор болаларни соғломлаштириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур марказда илк бор ўтказилган туғма юрак нуқсони билан даволанаётган болалардаги жарроҳлик амалиёти ана шулардан биридир.
Фурқат туманининг Томоша қишлоғида яшовчи Мирзахўжа Ниёзхўжаев 1999 йилда туғилган. У туғилганидан буён диспансер назоратида туради. Бемор ҳансираш, юракнинг тез-тез уриши, ҳолсизлик каби шикоятлар билан шифохонага ётқизилган.
Қўштепа туманидан Икромжон Иброҳимов эса уч ёшда. У ҳам туғма юрак нуқсони, очиқ артериал проток ташхиси билан диспансер назоратига олинган.
Ҳар икки беморда туғма юрак нуқсони – очиқ артериал протокни боғлаб қўйиш операцияси муваффақиятли амалга оширилди ва реанимация бўлимида интенсив муолажалар олиб борилди. Болаларнинг аҳволи стабиллашгач, муолажаларни давом эттириш учун жарроҳлик бўлимига ўтказилди.
– Ўғлим озгина юрса ҳам, ўйнаса ҳам тез чарчаб, лаблари кўкариб кетарди, – дейди Икромжоннинг онаси Дилрабо Фозилова. – Уч ёшли бола ўзининг чарчаётганини, ҳолсизланиб бораётганини сезарди. Охирги пайтларда сал юрса, “Кўтаринг” дейдиган бўлиб қолди. Умид қиламанки, боламнинг дарди ортда қолди. Шифокорларга минг раҳмат.
Жарроҳлик амалиётида вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази кардиохирурги Жавлон Мўйдинов, жарроҳлик бўлими мудири Иброҳим Умаров, тиббиёт фанлари номзодлари – Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси кардиохирурги Абдуносир Турғунов ва Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг анестезиолог-реаниматологи Санжар Омонов иштирок этди.
– Шу чоққача бундай операция Тошкентда ёки хорижда амалга ошириларди, – дейди болалар жарроҳи, “Эл-юрт ҳурмати" ордени соҳиби Иброҳим Умаров. – Энди бундай мураккаб операцияларни вилоятимизда амалга ошириш имконияти яратилди. Қанчадан-қанча болажонларни даволаб, ота-оналар кўзига қувонч қайтаришимиз мумкин. Бу борада биринчи қадам ташланганидан ва амалиёт муваффақиятли ўтганидан хурсандмиз.
Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
Манба: uza.uz