UZ RU
04.11.2015

Ўзбекистон инфекционистларининг II қурултойи доирасида гепатологлар мактаби тадбири ўтказилди

Жорий йилнинг 4 ноябр куни Халқаро савдо марказида Ўзбекистон инфекционистларининг II қурултойи доирасида инфекцион касалликларни ташхислаш, даволаш ва олдини олишда истиқбол йўналишларга бағишланган гепатологлар мактаби тадбири ўтказилди

Тадбирни соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Л.Тўйчиев кириш сўзи билан очиб, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳасида изчиллик билан олиб борилаётган ислоҳотлар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва муҳофаза қилишда муҳим омил бўлиб келаётганини алоҳида қайд этди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда умумий амалиёт шифокорлари, инфекционистлар, терапевтлар, гастроэнтерологлар, гематологлар, иммунологлар ва бошқа соҳа мутахассислари, шунингдек, хорижлик меҳмонлар иштирок этишди.

Гепатологлар мактаби тадбирида тингловчиларга Россия, Греция, Ҳиндистон ва Ўзбекистон олимларининг сурункали вирусли гепатит С касаллиги вирусига қарши муолажага замонавий ёндашувлар, HBV ва HCV этиологияли жигар циррози билан оғриган беморларни даволашга янгича ёндашувлар, сурункали вирусли гепатитларни даволаш самарадорлигини баҳолашда лаборатор маркерлар ва бошқа шу каби долзарб мавзуларга бағишланган маърузалар тақдим эитилди.

– Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Вирусология илмий-тадқиқот институти раҳбариятига инфекционистлар қурултойи арафасида ўтказилаётган мазкур тадбир учун миннатдорчилик билдираман, – дейди Бухоро тиббиёт институти профессори Маъмур Абдурахманов. – Халқаро аҳамиятга молик бўлган етакчи мутахассислар билан мулоқотда бўлиш амалиёти шифокорнинг малакаси ва маҳоратини ошириш, гепатология соҳасидаги илмий ютуқлар ва илғор тажрибаларни амалиётда қўллаш имконини беради.

Гепатологлар мактаби тадбирининг якуний қисмида ўзбекистонлик ва хорижлик инфекционист олимлар ўзларининг сўнгги тадқиқот натижалари ва жаҳон тиббиётида татбиқ қилинаётган янги тиббий воситалар бўйича ўзаро тажриба алмашишди.

UzMedInfo маркази 

Ахборот хизмати