Кореялик мутахассислар билан учрашув ўтказилди
Жорий йилнинг 2 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида «UzMedInfo» электрон соғлиқни сақлашни ривожлантириш маркази раҳбариятининг Жанубий Корея консалтинг компанияси мутахассислари билан расмий учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ҳукуматларининг икки томонлама ҳамкорлик битими доирасида Кореянинг “Эксимбанк” банки заёми ҳисобидан “Электрон ҳукумат” тизими маълумотларни қайта ишлаш Марказини ташкил этиш бўйича лойиҳани амалга ошириш мақсадида ташкил этилди.
Танишув учрашуви кореялик мутахассисларни Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар билан лойиҳадан олдин таништириш ва тадқиқ этиш учун ўтказилди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг телекоммуникацион технологиялар йўналишидаги ривожланиши, вазирликдаги тармоқлар ва алоқа инфраструктуралари, “Электрон ҳукумат” тизимида маълумотлар омборини шакллантириш билан “Соғлиқни сақлаш” комплекс ахборот тизими (КАТ)ни ташкил этишга қаратилган лойиҳа ва тадбирларни амалга ошириш муҳокама этилди.
Жанубий кореялик мутахассислар «UzMedInfo» маркази фаолияти ва аҳолига соғлиқни сақлаш соҳасида интерактив хизматлар кўрсатиш учун “Соғлиқни сақлаш” КАТ доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлигида олиб борилаётган ишлар ва 2015 йилдан 2020 йилга қадар амалга ошириш мўлжалланган соғлиқни сақлаш тизимида Миллий интеграциялашган ахборот тизимининг кейинги ривожланиш истиқболлари билан танишди.
Расмий учрашув якунида томонлар ўзаро фикр алмашишди ҳамда консултация ўтказишга келишди ва бу каби учрашувлар жорий йилда яна ўтказилиши лозимлигини қайд этишди.
UzMedInfo маркази
Ахборот хизмати