Тиббиёт ютуқлари ва саломатлик
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Л.Тўйчиев, Республика ихтисослаштирилган урология маркази директори Ф.Оқилов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида тиббиётнинг барча йўналишида юксак технологиялар воситасида аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича замонавий тизим яратилганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 28 ноябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришда дастуриламал бўлаётир.
Уч мингдан зиёд қишлоқ врачлик пункти ва оилавий поликлиникада аҳолига замонавий тиббий-профилактика ёрдами кўрсатилаётир. Жаҳон тиббиётининг илғор технологиялари билан жиҳозланган Республика ихтисослаштирилган урология маркази ташкил этилиши аҳолига бу борада кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати ва самарадорлигини янада ошириш, тиббиёт ва илм-фан ютуқларидан фойдаланиш кўламини кенгайтиришга хизмат қилаётир. Мазкур марказда йилига ўттиз мингга яқин беморга тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Бу ерда ҳар йили саккиз ярим мингдан ортиқ мураккаб жарроҳлик амалиёти бажарилаётир.
Урология соҳасига юксак тиббий технологияларнинг кириб келиши туфайли илгари жарроҳлик йўли билан даволанган кўпгина хасталикларни тиғсиз даволаш, беморларни соғлом ҳаётга қайтариш имкони кенгаймоқда. Буйрак-тош касаллигини даволаш бўйича эришилаётган натижалар бунга мисолдир. Бугунги кунда бундай беморларнинг қарийб тўқсон фоизи эндоскопия усулида даволанмоқда.
Пешоб йўли торайиши натижасида илгари инсон саломатлиги хавф остида қоларди. Ушбу турдаги хасталикни пластик операция усули билан даволаш амалиёти яратилиши урологиянинг муҳим ютуқларидан бири бўлди. Мамлакатимиз шифокорлари тараққий этган хорижий мамлакатларда қўлланилаётган ушбу усулни ўзлаштириб, ундан амалиётда самарали фойдаланмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардаги кўп тармоқли тиббиёт марказларида урология бўлимлари ташкил этилиб, юксак тиббий технологиялар билан жиҳозлангани соғлиқни сақлаш соҳасидаги илғор усулларни ҳудудларга ҳам изчил татбиқ этиш имконини бермоқда.
Республика ихтисослаштирилган урология марказида даволаш ишлари билан бир қаторда тиббиётнинг долзарб масалалари бўйича илмий изланишларни ҳаётга татбиқ этиш, илғор тажрибаларни оммалаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир. Марказ Тошкент тиббиёт академияси ва Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг урология кафедралари учун клиник база вазифасини ҳам ўтайди. Бу ерда талабалар учун доимий махсус семинар-тренинглар ташкил этилади. «Устоз-шогирд» анъаналари асосида етук олимлар бўлажак шифокорларга илм-фан ва тиббиёт ютуқларини чуқур ўргатмоқда. Ҳудудлардан малака ошириш учун келган врачлар ҳам урология илми ва амалиётидаги янгиликлар билан бевосита танишиш, ўзаро тажриба алмашиш имкониятига эга бўлмоқда. Соҳага кўплаб янги даволаш ва диагностика усуллари кириб келмоқда. Уларни ўз вақтида ўзлаштириш ва амалиётга татбиқ этиш ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришни талаб этаётир. Мамлакатимизда бўлиб ўтаётган турли тиббий-илмий анжуманлар бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим омил бўлаётир.
– Европа урологлар мактаби тиббиётнинг ушбу соҳасидаги илғор ютуқларини тарғиб қилувчи нуфузли илмий жамиятлардан биридир, – дейди Париж университети урология департаменти директори, профессор Эммануэл Шартье-Кастлер. – Ушбу мактаб машғулотларининг Ўзбекистонда ўтказилиши бежиз эмас. Юртингизда тиббиёт тизимида эришилаётган улкан ютуқлар инсон саломатлигини муҳофазалашда юксак самаралар бераётир. Ушбу йўналишдаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, жаҳон илм-фани ютуқларини изчил тарғиб этиш бундай эзгу ишлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади. Анжуманда урология соҳасида эришилаётган муҳим натижалар, амалиётга татбиқ этилаётган янги диагностика ва даволаш усуллари, замонавий шифо воситалари ва улардан фойдаланиш амалиёти, тиббий-профилактика ишларини ташкил этишдаги янгиликларга оид маърузалар тингланди ва ўзаро тажриба алмашилди.
Манба: uza.uz