UZ RU
02.11.2015

Пневмококк инфекциясига қарши янги вакцина жорий этилди

2015 йилнинг 2 ноябр куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Превенар 13 – пневмококкга қарши вакцинанинг амалиётга жорий этилиши пневмококк инфекциясининг олдини олишда ишончли қадам” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, республика Бош санитар шифокори С.Сайдалиев ўзининг кириш сўзида таъкидлаганидек, мустақилликдан кейинги йилларда юқумли касалликларга қарши кураш ва уларнинг профилактикаси ҳукуматимиз ижтимоий сиёсатининг етакчи вазифасига айланди. Изчиллик билан қабул қилинаётган чора-тадбирлар натижасида аҳоли ўртасида юқумли касалликлар билан оғриш бўйича эпидемик ҳолат турғунлашди.

Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари, санитария эпидемиология хизматининг етакчи мутахассислари, илмий тадқиқот институтлари олимлари, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбарлари иштирок этди.

Ушбу тадбирни ўтказишдан асосий мақсад аҳолининг янги вакцинанинг амалиётга киритилганидан хабардорлигини ошириш ва эмлашнинг афзалликларини етказишдан иборат.

Профилактик эмлаш миллий тақвими доимий равишда кенгайтириб борилмоқда. Хусусан, 2015 йилнинг 2 ноябридан бошлаб, эмлаш тақвимига Соғлиқни сақлаш вазирлигининг даволаш-профилактика муассасалари эмлаш пунктларида болаларни 2, 3, ва 12 ойликда Превенар 13 – пневмококк инфекцияга қарши эмлаш бошланди.

Мутахассислар қайд этганидек, пневмококк инфекцияга қарши вакцина самарали ва хавфсиз ҳисобланиб, мушак орасига юборилади ва 10 йилдан кам бўлмаган муддатга фаол иммунитет ҳосил қилади. ЖССТ ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан вакцинанинг хавфсизлиги, яроқлилиги кафолатланган. Мазкур эмлаш бепул амалга оширилади.

Тадбир доирасида Юнусобод туманидаги 51-сонли оилавий поликлиникага пресс-тур ташкил этилди ва иштирокчилар пневмококк инфекцияга қарши эмлашнинг старт олишига гувоҳ бўлишди.

UzMedInfo маркази 

Ахборот хизмати