Саломатлик – бебаҳо неъмат
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди вилоят филиали, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят она ва бола скрининги маркази ҳамкорлигида Нурота ва Томди туманларида ташкил этилган тиббий кўрикда 900 га яқин аҳоли, жумладан, икки юздан зиёд бола текширувдан ўтказилди.
Президентимиз раҳнамолигида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини янада оширишга қаратилаётган алоҳида эътибор тиббиёт муассасаларини босқичма-босқич “Саломатлик” лойиҳаси асосида замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлашда муҳим омил бўлмоқда.
Тиббий кўрикка асосан фертиль ёшидаги аёллар, болалар ва кексалар жалб этилди, аниқланган касалликлар бўйича зарур тавсиялар, даволаниш учун йўлланмалар берилди. Кам таъминланган оилалар, ногиронлар ва ёлғиз кексаларга мурувват ёрдами кўрсатилди.
– Ёшим 71 да. Икки йилдан буён қон босимим ошиб, ошқозоним безовта қиларди, – дейди Нурота тумани Сентоб қишлоғидан Р.Бобоев. – Малакали шифокорлар кўригида бўлиб, зарур тавсия ва маслаҳатларни олдим. Ҳеч қандай жиддий хасталик йўқлигини эшитиб, кўнглим таскин топди. Барака топишсин. Бундай эзгу ишларга раҳнамолик қилаётган Президентимиздан миннатдормиз.
Манба: uza.uz